АҚШда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 4 миллионга етди

АҚШда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари сони 4 миллионга етди

Фото: Reuters

Коронавирус ташхиси қўйилган америкаликлар сони 4 миллиондан ошди. Дунё бўйлаб коронавирусга доир статистикани реал вақт режимида юритадиган Жон Хопкинс универистети маълумотлари бундан дарак бермоқда. 

АҚШда Covid-19 пандемияси бошланганидан бери жами 4 034 102 киши юқтирган. Ушбу кўрсаткич бўйича мамлакат дунёда биринчи ўринда туради. Қўшма Штатлардан кейин Бразилия (2,3 миллионга яқин), Ҳиндистон (1,3 миллионга яқин), Россия (800 минг) ва Жанубий Африка (408 минг) туради. Умуман олганда, университет маълумотларига кўра, дунёда 15,4 миллион киши COVID-19 инфекциясига чалинган.

Шунингдек, Қўшма Штатларда бу вирусни юқтирган 144 222 киши вафот этган. Ўлимнинг кўп қисми Нью-Йорк штатида қайд этилган (32,5 минг), Нью-Жерси штатида яна 15,7 минг киши ва Массачусетс штатида 8,4 минг киши вафот этган.

Қўшма Штатлардаги умумий ўлим ҳолатлари дунёнинг қолган қисмига қараганда юқори. Иккинчи ўринда Бразилия (84 минг), учинчи ўринда Буюк Британия (45,6 минг), тўртинчи ўринда - Мексика (41,9 минг) ва бешинчи ўринда - Италия (35 минг). Умуман олганда, дунёда пандемия бошлангандан бери 632,1 минг киши коронавирус билан касалланганидан сўнг вафот этди.

22 июль, чоршанба куни АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатда коронавирус билан боғлиқ вазият ёмонлашиши мумкинлигини тан олди. Шунингдек, у барча америкаликларни, агар улар ижтимоий масофани ушлаб тура олмаса, ниқоб кийишга даъват этган. Президентнинг ўзи биринчи марта ниқобли ҳолда июль ойида Уолтер Рид касалхонасига ташриф буюрганида омма олдида кўринган эди.