Аргентина ташқи қарз бўйича дефолт деб эълон қилинди

Аргентина ташқи қарз бўйича дефолт деб эълон қилинди

Аргентина ўз тарихида тўққизинчи марта ташқи қарз бўйича дефолт деб эълон қилинди. 22 май куни ҳукумат чиқарган 3 та облигациялари учун $503 млн ҳажмда фоиз тўлаши керак эди. Ҳозирда ташқи қарзни қайтадан шакллантириш (реструктуризация) бўйича кредиторлар билан музокаралар бошланган.

Ҳукумат облигациялари Нью-Йорк штати қонунлари бўйича 2021, 2026 ҳамда 2046 йилларда сўндирилиши керак эди.

Фоизларнинг тўлов муддати 22 апрел эди, аммо Аргентина дефолтнинг олдини олиш мақсадида бу муддатни яна 30 кунга чўзди. Ушбу даврда ҳукумат кредиторлар билан ташқи қарзни қайта тузиш тўғрисида 65 миллиард доллар миқдорида келишувга эришишга умид қилди. Аммо ҳозирга қадар бунинг уддасидан чиқа олмади ва муддатни 2 июнга қадар узайтирди. Аргентина келишувга эришилмагунча тўлаш ниятида эмас.

Бундан олдин Аргентина 2014 йилда банкрот деб эълон қилинган эди. Энг йирик дефолт эса 2001 йилда эълон қилинган. Ўшанда мамлакат тартибсизликлар ботқоғига тушиб қолган эди ва 2016 йилгача жаҳон қарз бозорида иштирок этишдан маҳрум қилинганди. Аммо 2017 йилда у кутилмаганда сармоядорлар орасида катта қизиқиш уйғотадиган юз йиллик доллардаги облигацияларни жойлаштиришга муваффақ бўлди.

Назорат қилинмайдиган дефолт бўлмайди

Аргентинанинг ташқи кредиторлари унинг дефолтидан кейин зудлик билан облигациялар сўндирилишини талаб қилишга, акс ҳолда мамлакатнинг чет элдаги суверен активларини қўлга олиш ҳуқуқига эга. Аммо бу амалга ошмайди, дейди Financial Times, яъни дефолт кенг қамровли эмас, танланган бўлади.

"Ҳеч ким муддатидан олдин тўлаш учун облигатсияларни қайтариб бермайди. Агар Аргентинада қўлга киритиш учун бирон-бир актив бўлса, бу мантиққа тўғри келади. Бундай активлар шунчаки йўқ”, - дейди Аргентина облигацияларининг эгаларидан бири нашрга. 

Ҳукуматнинг таклифи қандай

Буэнос-Айрес ва кредиторлар қайта қуриш тўғрисида музокаралар олиб боришмоқда.

Аргентина ҳукумати ташқи облигациялар бўйича купон ставкасини 7 %дан 2,3 %га пасайтириш ҳамда уч йиллик мобайнида ташқи қарз бўйича ҳар қандай тўловларни амалга оширишга мораторий киритишни таклиф қилмоқда. Кредиторлар эса фақатгина бир йил фоиз олмасликка рози бўлишмоқда.

Мамлакатнинг иқтисодий ҳолати

Аргентина иқтисодиёти 3 йилдан бери рецессияни бошидан кечирмоқда. 2019 йилда инфляция даражаси 54 %да эди, бу йил 40 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Аҳолининг учдан бир қисми қашшоқлик чегарасида яшайди. Май ойида аргентиналик сармоядорлар дефолтни кутиб, маҳаллий банклардаги ҳисобварақларидан долларларни фаол равишда ечиб олишди. Норасмий бозордаги долларнинг песога нисбатан курси расмийсидан икки баробар юқорилаб кетди.