Лондон вақти билан соат 23:00 дан (Тошкент вақти билан 04:00) Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Европа Иттифоқи таркибидан расман чиқди. Иттифоқ тарихида илк маротаба Лиссабон шартномасининг 50 моддасига кўра, ЕИни қайсидир мамлакат тарк этди.
Буюк Британиянинг ўзида Брекзит туфайли минглаб одамлар шаҳар кўчаларига чиқишди — тарафдорлар ҳам, мухолифлар ҳам.
Лондонда Брекзит учун пухта тайёргарлик кўрилди. Даунинг-стритда улкан рақамли соат ишлаб чиқилган бўлиб, у Буюк Британиянинг ЕИдан чиқиб кетгунига қадар вақтни ҳисоблаб чиққан.
Мамлакат бош вазири Борис Жонсон ўзининг мурожаатида “Брекзит – бу интиҳо эмас, фақатгина ибтидодир. Янги тонг отиши билан буюк миллий спектаклимизда янги сценарий бўйича ўйналади”, – деб айтди.
Жонсоннинг қўшимча қилишича, янги Британия миграцияни назорат қилади, эркин иқтисодий зоналар барпо этади, глобал иқлим ўзгаришларига қарши курашни давом эттиради ва жиноятчиликка чек қўяди.
Европа Иттифоқидан расмий чиқиш пайтида техник тайёргарлик кун бўйи давом этди. Брюсселдаги Европарламент биносида Британия байроғи туширилиб, унинг ўрнини Европа Иттифоқи байроғи эгаллади.