Давлат бошқаруви академиясига 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталари белгиланди

Давлат бошқаруви академиясига 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталари белгиланди

Давлат бошқаруви академиясида бошқарув кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, 2019/2020 ўқув йилидан:

– Академияда кадрларни тайёрлаш грант ва тўлов-контракт асосида, ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда бир йиллик ва ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда икки йиллик магистратура дастурлари асосида амалга оширилади ва диплом берилади;

–  Академия магистратурасига ва қайта тайёрлаш курсларига қабул номзодларни бирламчи саралаб олиш ва кейинчалик тест ва суҳбат ўтказиш орқали танлов асосида амалга оширилади;

–  номзодларга қўйиладиган талаблар Президент қарори билан белгиланади.

Академия битирувчилари Президент маслаҳатчилари бўлинмалари томонидан раҳбарлик лавозимларига тақсимланади.

Академияга 2019/2020 ўқув йили учун қабул квоталари қуйидагича белгиланди:

– ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги магистратурасига 90 нафар (шундан 36 та грант, 54 та контракт);

–  ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги магистратурасига 30 нафар (шундан 12 та грант, 18 та контракт);

–  ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларига 60 нафар (шундан 24 та грант, 36 та контракт);

–  ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда “Давлат бошқаруви” мутахассислиги бўйича қайта тайёрлаш курсларига 90 нафар (шундан 36 та грант, 54 та контракт).