Доналд Трампнинг укаси вафот этди

Доналд Трампнинг укаси вафот этди

АҚШ раҳбари Доналд Трампнинг укаси Роберт Трамп вафот этди. 72 ёшли Роберт Трамп Ню-Ёркдаги шифохонага оғир аҳволда ётган эди. Бу ҳақда Америка овози хабар берди.

«Юракда оғриқ билан укам Роберт бугун кечаси вафот этганини маълум қилмоқчиман. У нафақат укам, балки энг яқин дўстим эди. Биз уни соғиниб қоламиз, лекин ҳали яна учрашамиз. У ҳақидаги хотира юрагимда абадий қолади. Роберт, сени яхши кўраман. Охиратинг обод бўлсин», - дея баён қилди Президент Трамп.

Роберт Трамп акасининг кўчмас мулк бизнесида ишлаган. 2016 йилда «The New York Post» нашрига берган интервьюсида Трампнинг президентликка сайланишини “минг фоиз“ қўллаб-қувватлашини айтган.

Президент Трамп укасини «менга нисбатан оғир-босиқроқ ва юмшоқроқ» деб таърифлаган. 74 ёшли президент болаликда укасини кўп урушганини эслайди.

«Мендака акасининг бўлиши осон бўлмаган унга, лекин Роберт ҳамма билан чиқишиб кетадиган инсон ва бу мен учун ҳам яхши, чунки баъзида қўполлик қилиб юбораман», - деб ёзган Трамп 1987 йилда чиққан «Келишув санъати» китобида.

Трамплар оилада беш фарзанд бўлган. Яқинда президентнинг акаси Фреднинг қизи Мери Трамп президент амакиси ҳақида танқидий китоб чоп этди. Мери Трамп унда ёзадики, отаси Фред кўп йиллар аввал ўлим тўшагида ётганида амакиси Доналд уни бирон марта йўқламаган. Фред Трамп алкоголизм боис 1981 йилда 43 ёшида вафот этган.

Президент Трампнинг Мариан Трамп Берри ва Элизабет Трамп Грау исмли катта опалари бор.