Дубай ва Шаржадан Ўзбекистон шаҳарларига авиақатновлар йўлга қўйилади

Дубай ва Шаржадан Ўзбекистон шаҳарларига авиақатновлар йўлга қўйилади

Фото: Яндекс

Жорий йилнинг 4-5 март кунлари Дубай шаҳрида (БAA) икки томонлама ҳамкорликни ва давлатлар ўртасида ҳаво қатновларини янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва БAA авиация маъмурияти ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Транспорт вазирлигига кўра, музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон ва БAA ўртасидаги шартномавий йўналишларда парвозларни амалга ошириш учун авиакорхоналарни тайинлаш, мазкур йўналишларда парвозлар частотаси миқдорини белгилаш, янги йўналишларни очиш ва Қарши, Термиз, Нукус ва Бухоро аэропортларида жорий этилган “Очиқ осмон” режимидан фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.

Фото: Транспорт вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси ва БAA шаҳарлари ўртасида ҳаво қатновларини ривожлантириш мақсадида томонлар Амирликларнинг авиакомпаниялари Aбу-Даби, Дубай, Шаржа шаҳарларидан Ўзбекистоннинг Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қарши, Термиз, Урганч, Нукус шаҳарларига парвозларни амалга ошириши бўйича келишувга эришдилар.

Музокаралар якунида иккала томон ҳам давлатлар ўртасидаги ҳаво қатновларини янада кенгайтиришга тайёр эканини билдирди ва тегишли баённомани имзолади.