Дунё бўйлаб бир ярим миллиарддан ортиқ инсон карантинда

Дунё бўйлаб бир ярим миллиарддан ортиқ инсон карантинда

Британия йўлларида зарурат туғилмаса сафар қилмаслик, имкон қадар уйда ўтиришга тарғиб қилиняпти. ©️ Andrew Milligan/PA

Коронавирус пандемияси туфайли жаҳон аҳолисининг 20%и ёки 1,7 миллиарддан ортиқ инсон карантинда ўтирибди. Бу вирус келтириб чиқарган касалликка шу пайтгача қарийб 415 000 киши чалиниб улгурди, улардан 18 500 дан ортиғи вафот этди, 108 200 дан ортиғи эса тузалиб кетди

Пандемия сайёранинг жонли ҳаётини бутунлай ўзгартиряпти: ҳаракатлар тўхтаяпти, мактаб ва университетлар ёпиляпти, миллионлаб кишилар уйидан туриб ишлашга мажбур бўляпти. 

Ижтимоий якалланиш – изоляция ва карантин қандай ўтяпти? Қуйидаги суратларда бунга ўзингиз гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Италия пойтахти Римдаги Понте Милвио туманида югариб машқ қилаётган киши. Италия коронавирусдан энг оғир зарбага учраган мамлакатга айланди: бу ерда шу вақтгача SARS CoV-2 вируси келтириб чиқарган COVID-19 касалига чалинганлар сони 69 176 кишига етган, улардан 6 820 киши вафот этиб, 8 326 киши тузалиб кетган. Касалликдан ўлим сони бўйича Италия дунёда биринчи ўринда турибди.

Ниқоб таққан аёл Буюк Британия пойтахти Лондондаги ёпилгани пивохоналардан бири олдида турибди. Сешанба куни тун ярмидан Британия ҳам карантин учун ёпилди, кўчага чиқиш борасида қатъий чоралар ўрнатилди. 

Иордания пойтахти Аммондаги меҳмонхоналардан бирининг айвонида турган одамлар. Иордан ҳукумати коронавирусга қарши кураш доирасида мамлакатда комендантлик соатини жорий қилган

Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳридаги аэропортда ўз парвозини кутиб дам олаётган йўловчи. Сўнгги кунларда қатор парвозлар бекор қилиниши ортидан еўплаб йўловчилар аэропортларда қолиб кетди.

Ливан пойтахти Байрутга яқин Жунайя шаҳрида карантинда ўтирган оила дрон орқали атиргулга буюртма берди. 

Ниқоб таққан киши Ҳонгконгнинг марказий туманидаги кўчада юриб кетяпти. Бу шаҳар-давлат ҳукумати кўрган чоралар натижасида Ҳонгконгда коронавирус тарқалиши назорат остига олинди. 

Ҳонгконгнинг марказий туманидаги йўлдан ўтаётган ниқобли пиёдалар. 

Гул кўтарган аёл Испания шимолида жойлашган Бургос шаҳридаги Бургос касалхонасидан чиқаётган тиббиёт ходимини табриклаб, унга миннатдорчилик билдирмоқда. Испания Европада Италиядан кейин коронавирусдан энг катта зарарланган давлат бўлиб турибди. Бугунгача 39 676 киши касалланган, улардан 2 800 нафари вафот этган, 3 794 киши эса тузалиб кетган. Касалликка чалинганларнинг салмоқли қисмини беморларга қараш жараёнида уни юқтириб олган тиббиёт ходимлари ташкил қилади. 

Испания шимолидаги Бургос шаҳрида жойлашган Бургос касалхонасига яна бир бемор олиб келиняпти. 

XVII асрда вабога қарши курашган шифокорлар кийимини кийиб олган киши Лидс шаҳридаги майдонлардан бирида суратга тушяпти. 

Ҳиндистоннинг Мумбай шаҳри аэропортига хориждан учиб келган кишининг қўлига ўчмайдиган сиёҳ билан уйда карантин ўтириш муддати муҳрлаб берилган. Ҳиндистонда кеча, сешанба кунидан бошлаб 3 ҳафталик умуммиллий карантин эълон қилинди, барча аҳолига зарурий ҳолатлардан ташқари кўчага чиқмаслик буюрилди.

АҚШнинг Флорида штати Майами шаҳри қирғоғидаги пляж. Мамлакатда коронавирус пандемияси авжига чиқар экан, барча кўнгилочар масканлар қатори денгиз соҳиллари ҳам фойдаланишдан тўхтатилиб, ёпиб қўйилди. 

Ню-Йорк штатининг Скотиа туманида ярим ҳарбийлашган тиббиёт ходимлари машина ҳайдовчилари ва йўловчиларини машинадан туширмай коронавирусга қарши текшира бошлади. АҚШда SARS CoV-2  вируси билан зарарланиш тезлашиб кетди. Шу пайтгача мамлакатда 50 860 киши касалланган, улардан 653 нафари вафот этиб, 368 киши тузалиб кетган. 

Қарийб 6 йилдан бери фуқаролик уруши тинмайдиган Яманда қуролланган йигит ниқоб тақиб юрибди. Яманда коронавирус тарқалишига қарши эҳтиёт чоралари кўриляпти. Бироқ мамлакатда ҳали бу касалликка чалинганлар қайд этилмаган. 

Ҳокимиятнинг масъул ходими Иордания пойтахти Аммондаги дорихоналардан бирини дезинфекциядан ўтказяпти. 

Босния ва Герцеговина пойтахти Сараевода одатда одамлар билан гавжум бўладиган майдон бугун ҳвиллаб қолган, фақат қушлар учиб юрибди. Европадаги кўплаб мамлакатлар коронавирус хавфи туфайли ўзаро чегараларни, мактаблар ва жамоат жойларини ёпган, йирик спорт мусобақалари ва кўнгилочар тадбирларни бекор қилган.

Африка марказидаги Конго Демократик Республикаси шарқида коронавирус ўчоғига айланган Гома шаҳрида полициячилар ниқоб таққан ҳолда қоровуллик қилмоқда.

Ҳиндистоннинг Жамму шаҳридаги бозорлардан бирида сабзавот сотувчи киши. Ҳозирда мамлакатда дорихона ва баққоллик дўконларидан ташқари барча савдо нуқталари коронавирус сабабли ёпилган. 

Конго Демократик Республикасидан Бурундига кираверишда жойлашган Гатумба қишлоғида тиббиёт ходими чегарадан ўтувчиларни коронавирусга қарши текширувдан ўтказяпти. 

Эронлик соғлиқни сақлаш нозири Теҳрон шимоли-шарқидаги Iran Mall савдо маркази ичида ташкил этилган кўчма касалхонани кўздан кечиряпти. Эронда расмий маълумотларга кўра ҳозиргача 24 811 киши коронавирус билан касалланган, улардан 1 934 киши вафот этган, 8 913 киши тузалиб кетган. Аммо бу рақамларнинг ҳаққонийлиги шубҳа остига олинади. 

Куба пойтахти Гаванадаги қирғоқбўйи кўчасида сотувчи йигит ниқоб таққан ҳолда мижозларни кутмоқда. Ташқи дунёдан деярли узилган “озодли ороли”да шу пайтгача 48 киши Covid-19 касаллигига чалинган, улардан 1 нафари вафот этган. 

Аргентина пойтахти Буэнос-Айресда тўлиқ ҳимоя либосларини кийиб олган тиббиёт ходимлари. Бу мамлакатда 301 киши коронавирусга чалингани расман тасдиқланган.