Эдгар Гувернинг полиция давлати: ФҚБ доҳийсининг тарихи

Эдгар Гувернинг полиция давлати: ФҚБ доҳийсининг тарихи

aif.ru

Эдгар Гувер 1895 йилнинг 1 январ санасида таваллуд топди. Унинг сиёсий фаолияти ҳақида турлича фикрлар ва қарашлар мавжуд: айримларнинг наздида бутун мамлакатга қарши уруш эълон қилган, ҳар кимнинг телефондаги сўзлашувларини эшитишни йўлга қўйган Гуверни миллат қаҳрамони деб билса, айримлар Эдгар Гувер ХХ аср Америкаси тарихида пайдо бўлган энг даҳшатли воқеа эди, дейди.

АҚШнинг 37-президенти Ричард Никсон “Уотергейт иши” билан боғлиқ можародан сўнг ўз ваколатидан кетар экан, “Агарда Гувер ҳозирда ёнимда бўлганда эди, бу воқеаларнинг барчаси юз бермаган бўлар эди”, деганди.

АҚШда “Уотергейт иши” ҳали тинчимаган, мамлакатни жинсий инқилоб жунбушга келтираётган ва ёшлар онгида хиппичилик ҳукмрон бўлиб бораётган бир даврда кескин ўнгларнинг консерваторлари яхшиям булар коммунистлар эмаслигидан шукроналик ҳиссини туйишар эди.

Никсон ва Никсонга ҳамдард бўлганлар Гуверни қўмсар, АҚШда ўроқ ва болға суратидан паранойяга тушиш мумкин бўлган вазият нафаси юрар, америкаликлар бири иккинчисига кўз ва қулоқ бўлган вазият яралиши ФҚБнинг сермаҳсул мафкуравий жанги натижаси ўлароқ юзага келганди.

Миллий халоскор

Жон Эдгар Гувер АҚШ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари сафида 1917 йилдан бошлаб кўрина бошлади. 22 ёшли ёш йигитча қўлидаги ҳуқуқшунослик дипломи билан Адлия вазирлигига ишга жойлашди. Гувер фаолиятга киришар экан, дастлаб унга армияда хизмат қилишдан бош тортганлар бўйича иш беришди. Унинг ишга ўзига хос методлар билан киришиши юқори мартабали давлат мулозимларини бефарқ қолдирмади ва икки йилдан сўнг унга  разведка маҳкамаси бўлими бошлиғи мансабини беришади.

Айниқса Гувер АҚШда радикал кайфиятдаги шахсларни овлашга қаратилган “Палмер рейдлари” иши борасида ўзининг яна бир бор яхши кадр эканлигини исботлади. Иш жараёнида қўлида 4 500 000 шубҳали шахснинг шахсий ҳужжати билан бош прокурорнинг энг яқин сафдошига айланди ва АҚШда ўн минглаб одамларни қамоққа тиқишда жонбозлик кўрсатди.

АҚШнинг 30-президенти Жон Калвин Кулиж Федерал Қидирув Бюросига янги раҳбар тайинлаши керак бўлганда Эдгар Жон Гувердан бошқа тайинлироқ номзод топа олмас эди. Нуфузли Вашингтон университетининг битирувчиси, “Каппа Алфа” жамиятининг аъзоси ва бир қатор масонлик ташкилотларининг аъзоси бўлган Гувер бу пайтда ҳали ўттиз ёшни ҳам қаршиламаган, бироқ сиёсий фаолиятида анча ютуқларга эришишга улгурганди.

Жон Эдгар Гувер ФҚБ раҳбари этиб тайинлангач, унинг дастлабки иши ташкилот ходимлари ва харажатларини қисқартиришдан бошланди. Бюрони бошқатдан ташкил қилди ва замонавий тергов усулларини иш жараёнига татбиқ қилди. Гувернинг 1932 йилда ФҚБда криминалистика таҳлилларини олиб борадиган лабораторияни ташкил қилиши ташкилот ҳаётидаги энг муҳим янгилик эди.

1933 йилга келиб, Жон Гувер ташкилот ваколатларини кенгайтириб олишга муваффақ бўлди. Ташкилот энди расмий равишда Федерал Қидирув Бюроси деб номалана бошлади. Ташкилот эришган ютуқлар ўзини узоқ куттирмади. Гувер АҚШ жамиятининг биринчи рақамли душманлари ҳисобланувчи Кичкинтой Нелсон, Жон Диллинжер ва Ёқимтой Флойд номлари билан машҳур бўлган жиноий тўда раҳбарлари йўқ қилинганлиги ҳақида ҳисобот берди. Мазкур ишларда ФҚБ полиция берган маълумотларга таянса-да, аммо барча ишларни ўзи назорат қилди ва эришилган ютуқларда ФҚБ бош бўлди. АҚШ матбуоти жиноий тўдалар йўқ қилинди, деган бир қатор мақолалар чоп этди ва Жон Гувер миллат халоскори айланди.

“Қизиллар таҳдиди”

1936 йилда АҚШда Франклин Рузвелт президент этиб сайланди. Оқ уйнинг янги раҳбари Гуверга мамлакатдаги фашист ва коммунист тўдаларга қарши суриштирув бошлашини буюрди. ФҚБ янги бир куч ва илҳом билан топшириқни бажаришга киришди. ФҚБ контрразведкаси чексиз ваколатларга эга бўлди, молиявий соҳада қўллаб қувватланди. ФҚБ сафига қўшилаётган ҳар бир ходимга аниқ талаблар қўйилди: улар пулга учмайдиган, туйғуларга берилмайдиган, жисмоний бақувват, ақлли, айёр, уйланмаган ва албатта, оқ танли бўлиши керак эди. 

ФҚБнинг оператив ходимлари ўша даврнинг энг сўнгги ускуналари – эшитиш мосламалари, портатив қуроллар ва рациялар билан таъминланди. Консерватив дунёқарашга эга бўлган энг тадбирли ходимлар бутун АҚШ бўйлаб коммунистик мафкуранинг тарафдорларига қарши кураш бошлашга жалб қилинди. ФҚБ, ҳаттоки, ўзини фидойи деб билган америкаликлар шубҳали шахслар устидан чақув берса, пул билан мукофотлади.

ФҚБ ходимлари сафи кундан кунга кўпайиб борар ва иккинчи жаҳон уруши охирларига борганда ФҚБда ўн уч минг ходим ишлар, улардан беш мингтаси оператив ходимлар сирасига кирар эди. Гувер ҳаттоки президентдан ватандошларнинг асосий ҳуқуқи болган “Хабеас корпус”ни тўхтатиб туришни ҳам сўради.

ФҚБ шу даражага бориб етдики, мамлакатдаги ҳар бир ташкилотда ФҚБнинг ходимлари фаолият олиб борадиган бўлди. Вазифаси эса коммунизмга мойиллиги бўлган ишончсиз шахсларни ушлаш, ҳибс этиш эди.

Рузвелт вафотидан сўнг Гарри Трумен АҚШнинг янги президенти бўлди. Бу даврда АҚШ ва Совет Иттифоқи ўртасидаги низо анча чуқурлашган эди. Бу эса мамлакатда “қизиллар”га қарши янги ваҳима тўлқинининг кўтарилишига олиб келди. Аммо ФҚБнинг 13 йиллик фаолиятида АҚШдаги коммунистик партиялар деярли йўқ қилинган, обрўсизлантирилган.

Президентларни ҳам чўчитган Гувер

1950 йилларга келиб, Жон Гувер АҚШдаги энг таъсирли шахсга айланди. Президент Гарри Трумен ва Дуайт Эйзенхауер ҳам ФҚБ раҳбаридан чўчир, у билан тенглардек мулоқот қиларди. Қудратли агентура тармоғи, чекланмаган молиявий ресурслар ва йиллар давомида қўлга киритилган тажриба Гуверга мамлакатдаги исталган шахсни шубҳа остига олиш имконини берди. Минглаб эшитувчи мосламалар Гувер штаби мамлакатда нима ҳақида гапиришмоқда хабар берар, ФҚБнинг “қўнғизча"лари кириб бормаган бирорта идора қолмаганди. Президент Кеннедининг ҳукумат тепасига келиши билан ўзгариш содир бўлди. Сайловлар давомида Гувер Ричард Никсон номзодини қўллаб қувватлаган, ёш демократнинг ҳокимият тепасига келиши бош разведкачига ёқмади.

Кеннеди ФҚБга янги вазифа – уюшган жиноятчилик билан курашиш взифасини топширди. Гувер эса мамлакатда мафия йўқлигига ишончи комил, унинг назарида мамлакатга энг катта хавф радикал сиёсий гуруҳлар томонидан келиши мумкин эди. Шунга қарамай, эндиликда ФҚБ фаолиятини президентнинг укаси Роберт Кеннеди бошқарадиган бўлди. Бу эса Гувернинг думини босишдек гап эди. Қолаверса, Гувер вазиятнинг бундай тус олишини ҳам кутмаган. Аммо мамлакатда Гувер жиноий тўдалар билан тил бириктирганлиги ҳақида фикрлар урчирди. Жон Гувернинг харажатларини катта шароб магнати Люис Розенстил тўлаши бунга далил деб кўриларди. Устига устак Гуверни бир неча бор Ню-Йорк жиноят оламининг етакчиси Френк Костеллано билан кўрганлар ҳам бор эди.

Гувернинг қўлида барча сиёсатчиларга қарши ишлатиш мумкин бўлган компромат йиғилиб қолган, агентлари тўрига илиниб қолганларга эса уларга қарши ишлатиши мумкин бўлган маълумотлар ҳақида айтиб, чўчитиб қўярди.

Ҳар нарсанинг чеки бор деганларидек, Оқ уй раҳбарининг ҳам Гувердан сабр косаси тўлиб тошади. Роберт Кеннеди акаси Жон Кеннедига Гуверни ишдан олиш таклифини беради. Аммо президент Кеннеди Гувернинг қўлида  ўзига қарши ишлатилиши мумкин бўлган – қачонлардир яланғоч Мерилин Монро билан тушган сурати борлигини биларди. Шу билан бирга, миш-мишларга кўра, Кеннеди қўлида ҳам Гуверга қарши компромат борлиги президентга Гуверга қарши туришига ёрдам берди.

Аммо президент Кеннеди иккинчи муддатга сайланиш ҳақида ўйлар ва Гуверни ишдан олиш сиёсий можаро келтириб чиқаришини ҳам билар эди. Гуверни ишдан олишни сайловлардан кейинга қолдиришга қарор қилди. Бироқ… 1963 йилда Жон Кеннеди Даллас шаҳрида қотил Ли Харви Освалд томонидан отиб ўлдирилди. Аммо икки кундан сўнг Ли Харви Освалд ҳам Даллас мафия оилалари билан боғлиқ бўлган Жек Руби томонидан отиб ташланди. Жек Рубининг президент қотилини ўлдириши дунё тарихида бир-биридан кескин фарқ қиладиган бир қатор жумбоқлару конспирологиянинг урчишига сабаб бўлди.

Президентнинг энг яқин дўсти

Кеннедига суиқасд уюштирилгандан сўнг собиқ вице-президент Линдон Жонсон АҚШнинг 36-президенти этиб сайланди. Жон Гувер ва янги президент Жонсоннинг дўстлиги ҳам қалинлашди. Гувер Оқ уйда тез-тез қабулда бўлар, Жонсон эса Гувернинг сенаторлар ҳақидаги махсус хабарларини ўқиб хохоларди. Гувер нафақага чиқиш ёшига бориб қолган, аммо Жонсон миллат халоскорини юксак хизматлари учун яна ўз жойида қолдириш қарорига келади.

Уюшган жиноятчилик билан курашиш яна деярли йўқ бўлди, Гувер эса Жонсонга кучайиб бораётган афроамерикаликлар қаршилик ҳаракатига юз тутишни маслаҳат берди. Мартин Лютер Кингнинг маърузалари ФҚБ шефининг асабини ўйнатар, шу боисдан барча ФҚБ агентларига қора танлилар ҳаракатини зимдан кузатиш вазифасини топширади. Яна мамлакатда қама-қамалар бошланиб кетади. Бу сафар навбат қора танлиларга келганди.

1965 йилда Ню-Йоркдаги “Одюбон” меҳмонхонасида тенг ҳуқуқлар учун ҳаракат раҳбари Малколм Икс отиб ўлдирилади. Натижада барча мазкур қотилликда ФҚБни айблай бошлайди. COINTELPRO махфий дастури борасида маълумотлар оммага эълон қилингач ФҚБни суиқасдлар уюштиришда айблаш кампанияси янада кучайиб кетади. Орадан уч йил ўтиб, 1968 йилда Теннеси штатининг Мемфис шаҳридаги “Лорейн” меҳмонхонасида афроамерикаликлар ҳуқуқи учун курашчи Мартин Лютер Кинг отиб ўлдирилади. Орадан икки ой вақт ўтиб, Лос-Анжелесдаги “Амбассадор” меҳмонхонасида сиёсатчи Роберт Кеннеди отиб ўлдирилади. Мазкур суиқасдлар эса мамлакатда ички ва ташқи сиёсатдан норози бўлган барчани кўча норозиликлари уюштиришга олиб келди. Норозилик намойишлари жамиятнинг турли қатламлари – қора танлиларнинг ҳуқуқлари учун курашчилар ҳам, пацифистлар ҳам, радикаллар ҳам қатнашди. Пичоқ бориб суякка қадалади. Бу мағлубият эди. Гувернинг мағлубияти эди бу. Гувер бу сафар коммунистлар ҳаракатини бостиргани каби қора танлилар ҳаракатини бостира олмади. У қўл урган сиёсат янада катта қаршилик ва норозиликка сабаб бўлиб, янада кўпларни кўча намойишига ундар эди.

Гувер саксон ёшни қаршилаб қолган, эскича кураш услублари иш бермаётган эди. Ҳукуматнинг “Битлз” ва рок-н-ролга қарши кураши ҳам фойда бермади. Норозилик кучайгандан кучайиб борди.

Гуверда курашишга куч қолмаганди. 1972 йилнинг 2 майида етмиш етти йиллик умрининг 48 йилини ФҚБга бағишлаган, ФҚБ раҳбари сифатида буюк инқирозни ва Франклин Делано Рузвелтнинг “Янги курсини” кўрган, Иккинчи жаҳон уруши, Ветнам уруши ва совуқ урушнинг машъум кунлари икир-чикирларигача хабардор бўлган Жон Эдгар Гувер юрак хуружидан вафот этди.

Гувер ўз фаолияти давомида АҚШнинг ХХ асрдаги юзини аниқлаб берган сиёсатчи сифатида тарихда қолди.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.