ЕОИИда «кузатувчи»лик мақоми: мажбурият ва ҳуқуқлар

ЕОИИда «кузатувчи»лик мақоми: мажбурият ва ҳуқуқлар

Ўзбекистон ЕОИИга «Кузатувчи» мақомидаги давлат бўлишга рози бўлди. Лекин, қонунан олиб қарасак ҳали бу мақомни қўлга киритишга муяссар бўлганича йўқ. “Евросиё Иқтисодий Иттифоқи бўйича битим”нинг 109-моддаси – “Кузатувчи давлат мақоми”га кўра Ўзбекистон томонидан сўров борганидан кейин ЕОИИнинг Олий Консуллиги томонидан бу сўров рад этилиши ҳам мумкин. Бу, албатта, ҳақиқатдан йироқ масала бўлсада давлатлараро қарорлар таҳлилида инобатга олиб қўйилмоғи керак. Майли, унда, «кузатувчи» бўлдик ҳам дейлик. Бу мақом бизга қандай мажбуриятларни юклайдию, қандай ҳуқуқларни беради?

Аслида, «кузатувчи» мақоми кўпчилик ўйлаганидек «аъзо» бўлди дегани эмас. Масалан, Ўзбекистон 24 йилдан бери Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) «кузатувчи» мақомидаги давлат. Шундай бўлса ҳам Ўзбекистон кузатувчи мақомидаги рекорд қўйган давлат бўлгани ҳурматидан автоматик равишда аъзоликка қабул қилинмаган (бундай бўлмайди ҳам!).

ЖСТнинг «Кузатувчи» мақоми расмий бўлмаган мажлисларда иштирок этиш, ички ҳужжатлар ҳамда ташкилотнинг техник ресурсларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради. Мақом ҳар беш йилда янгиланиб турилади ва ЖСТнинг умумий фондига йиллик 25000 доллар атрофида бадал тўлаб туришни талаб этади.

Худди шунга ўхшаб, ЕОИИга «кузатувчи»лик мақомида бўлиш аъзо бўлди дегани эмас. Билакс, бу қайсидир маънода аъзо бўлмаслик учун қилинаётган сиёсий манёвр бўлиши ҳам мумкин (ва шундай деб умид қиламиз).

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бизга нисбатан географик жиҳатдан Европа Иттифоқига (ЕИ) яқин бўлган Украина, Грузия ва Молдованинг Россияга эмас айнан Европага интилаётганини кўрган Кремлнинг агрессив қаршиликлари ҳақида олдин ҳам айтиб ўтган эдик. Украина ва Грузия бу қаршиликларга қарамасдан йўлларида давом этган бўлсаларда Кремль томонидан иқтисодий, сиёсий ва ҳатто ҳарбий зарбалар ёмғири остида қолиб кетди.

«Европачи»лар ва «Россиячи»ларга бўлиниб олган Молдова ҳукумати эса ЕИми ёки ЕОИИми деган савол бўйича келиша олмагач, 2017 йилда «кузатувчи» мақоми билан кифояланиб қўя қолди. Чунки Путин ЕОИИга аъзо бўлмасликни ўзининг «Россияси»га нисбатан тўғридан-тўғри ҳақорат сифатида қабул қилади ва бу йўлда эски қадрдонлик ришталарини ҳам аяб ўтирмайди. Ўйлайманки, мана шу қалтисликни биздан кўра яхши кўриб, билиб турган Ўзбекистон ҳукумати «кузатувчи» мақомини гўё «кутувчи» мақомидек қабул қилди. Шу орада карантинга қарамасдан Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш ишлари ҳам масофадан жадал давом эттирилмоқда.

Энди, яна ЕОИИ битимининг “Кузатувчи давлат мақоми” моддасига қайтадиган бўлсак, «кузатувчи» мақоми Ўзбекистон ҳукуматига ЕОИИ мажлисларида қатнашиш ва ҳали оммага маълум қилинмаган янгиликлардан хабардор бўлиб туриш ҳуқуқини беради (лекин, овоз бериш ва қарор қабул қилиш жараёнида иштирок эта олмайди). Айни пайтда «кузатувчи»га қўйилган биргина талаб эса қуйидагичадир:

“Евросиё Иқтисодий Иттифоқида «кузатувчи» мақомидаги давлат, ушбу шартноманинг объекти ва мақсадига, ЕОИИ ва унга аъзо давлатлар манфаатларига зарар етказадиган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан тийилиши шарт.” (109-модда, 5-параграф)

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, Ўзбекистон айни пайтда икки танлов бошида турибди: ё Ғарб томонидан қўллаб қувватланадиган ЖСТга аъзо бўлишни тезлатиш ёки Россиянинг савдо блоки ЕОИИга аъзоликка «лаббай» дейиш. Ҳолат шунчалик қалтис экан, бу вақтда эҳтиросларга берилмасдан рационал қарорлар қабул қилиш талаб этилади. Ўйлайманки, «кузатувчи» бўлишга рози бўлиб туриш Путинни бироз бўлсада ҳовридан туширади ва бу орада Ўзбекистон ЖСТга аъзолик билетини қўлга киритади.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.