Эрондан ўзбекистонлик ҳайдовчилар, талабалар ва дипломатлар олиб келинди (видео)

Эрондан ўзбекистонлик ҳайдовчилар, талабалар ва дипломатлар олиб келинди (видео)

Эронга инсонпарварлик юкини етказиш учун ажратилган ҳаво кемасида ушбу мамлакатда бўлган Ўзбекистоннинг 37 нафар фуқароси ватанга олиб келинди.

Бу ҳақда Kun.uzʼга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, рейс кеча, 16 март куни кечки соат 21:55да Наманган шаҳри аэропортига қўнган.

Улар коронавирус туфайли чегараларнинг ёпилгани натижасида 23 февралдан буён Эроннинг “Лутфобод” постидаги терминалда қолиб кетган 14 нафар ҳайдовчи, шунингдек, талабалар, тадбиркор ва дипломатлардир.

 

16 март куни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдами юборилди.

Аввалроқ президентнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ, Эронда қолиб кетган юк ташувчи ҳайдовчилар, тадбиркорлар, талабалар ватанга олиб келиниши, бу фуқаролар ва самолёт экипажи белгиланган тартибда малакали шифокорлар, соҳа мутахассислари назорати остида икки ҳафта муддатда карантинда сақланиши айтилганди.