Эстонияда Ўзбекистоннинг илк элчиси аккредитациядан ўтди

Эстонияда Ўзбекистоннинг илк элчиси аккредитациядан ўтди

Фото: Дунё

29 октабр куни мамлакатимизнинг Латвиядаги элчиси Қадамбой Султонов Рига шаҳрида жойлашган қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг Эстониядаги биринчи фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида ишонч ёрлиқларини топширди, деб хабар беради Дунё ахборот агентлиги.

Эстония Президенти Керсти Калюлайдга ишонч ёрлиқларини топшириш маросими давлат раҳбарининг "Кадриорг" саройида бўлиб ўтди. Протоколга мувофиқ саройга кираверишда Ўзбекистон Республикасининг байроғи кўтарилди, ҳарбий оркестр мамлакатимиз мадҳиясини куйлади ва элчи Эстония раҳбарининг фахрий меҳмонлари китобига ёзув қолдирди.

Расмий маросимдан сўнг бўлиб ўтган қисқа суҳбат чоғида Президент Керсти Калюлайд биринчи маротаба Ўзбекистоннинг Эстониядаги элчисини тайинлаши билан Ўзбекистон-Эстония ҳамкорлиги даражасини кўтаргани учун Ўзбекистон раҳбариятига ўз миннатдорчилигини билдирди. "Дипломатик қамровнинг кенгайиши, авваламбор, Ўзбекистон ва дунё бўйлаб тобора кўпайиб бораётган мамлакатлар ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни йўлга қўйишга иқтисодий қизиқиш ортганлигининг далилидир", деди у.

Эстон Президенти Тошкентнинг Марказий Осиёда дўстона муносабатларни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари, Афғонистондаги тинчлик жараёнидаги Ўзбекистоннинг муҳим роли, Европа Иттифоқи билан ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларига қизиқиш билдирди.

Томонлар Ўзбекистон ва Эстония халқлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашдилар.

27 август куни элчи Қадамбой Султонов Ригадаги қароргоҳда Ўзбекистон Республикасининг Финляндия Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси сифатида расмий равишда аккредитациядан ўтган эди.