Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки 2020 йилда Ўзбекистон иқтисоди 5,8% га ўсишини тахмин қилди

Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки 2020 йилда Ўзбекистон иқтисоди 5,8% га ўсишини тахмин қилди

“Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулоти 2019 йилда 5,5%га, 2020 йилда 5,8%га ўсади. Бу ўсиш саноат ва қурилиш соҳаларининг ривожланиши ҳисобига содир бўлади”, дейилади ЕТТБ хабарномасида.

Унда қайд этилишича, Ўзбекистонда экспорт амалиётлари сезиларли даражада, 45%га ошиб, бу мамлакат иқтисоди эркинлашаётгани, шунингдек, минтақавий интеграция кучаяётганининг белгиси бўляпти.

Шунингдек, ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда соҳаларни кредитлаш ҳам 60%га ошган, бу эса “инфратузилмалар ва иш фаолиятига жалб этилаётган сармоя миқдори ўсиб бораётганини англатади”.

Хабарномада айтилишича, 2019 йилнинг биринчи уч чораги давомида инфляция 14,1%гача секинлашди. Шуниннг учун ЕТТБ “Ўзбекистон валюта бозорининг эркинлашганини, натижада 2019 йил бошидан маҳаллий валюта девалвацияси деярли 12% бўлганини олқишлайди”.

“2019 йил августда валютани тартибга солувчи органлар унинг кунлик тебранишига таъсир қиладиган 5%лик чегарани олиб ташлаб, бу кўрсаткични бозор белгилашига имкон берди. Бунга қўшимча равишда ҳозирда тижорий банклар орқали бизнес ва сайёҳликдан бошқа мақсадда ҳам хорижий валютани сотиб олишга рухсат берилди”, дейилади хабарномада.