Ғоясиз бош вазир: Медведев ҳукумат раиси бўлган вақтда нималар билан ёдда қолди?

Ғоясиз бош вазир: Медведев ҳукумат раиси бўлган вақтда нималар билан ёдда қолди?

© DMITRY ASTAKHOV/TASS

Дмитрий Медведев бошчилигидаги Россия ҳукумати 2020 йил 15 январ куни истеъфога кетди. Бу президент Владимир Путин олдинда турган конституциявий ўзгаришлар ҳақида Федерал мажлисга (парламентга) мурожаат қилганидан кейин рўй берди.

“Биз, Россия Федерацияси ҳукумати сифатида мамлакатимиз президентига барча керакли қарорларни қабул қилиш учун имкон беришимиз керак. Ва мана шундай шароитда мен Россия Федерацияси ҳукуматининг ҳозирги таркиби истеъфога чиқиши тўғри бўлади, деб ҳисоблайман”, деди Медведев ўз қарорини изоҳлар экан. 

Медведев бош вазирлик курсисини 2012 йилда ўзининг президентлик муддати тугаганидан бери эгаллаб келади. У учун энди янги – Хавфсизлик кенгаши раҳбарининг мудофаа қобилияти бўйича ўринбосари лавозими ташкил қилинади. Янги ҳукуматга бошчилик қилишни эса Путин Федерал Солиқ Хизмати (ФХС) раҳбари Михаил Мишустинга таклиф этди.      

Медведев бош вазир сифатида нималар билан ёдда қолди?

Дмитрий Медведев бутун бош вазирлиги даврида Путиннинг "сояси" бўлиб келди

 

Ўрин алмашиш

Дмитрий Медведев ҳали ўзи президент бўлган 2011 йил сентябридаги “ўрин алмашиш”даёқ бош вазир ва мамлакатдаги иккинчи шахс мақомини олиб улгурган эди. Ўшанда “Единая Россия”нинг съездида Медведев иккинчи муддатга номзодини қўймаслиги ва президентлик сайловларида Владимир Путинни қўллаб-қувватлашини айтганди.  

Медведевнинг президентлик лавозимини яна қайта эгаллашдан бош тортиши эркинлаштириш ва замонавийлаштириш сиёсасати давом этишини кутганларда умидсизлик кайфиятини келтириб чиқарган ва 2011-2012 йилларда ўтган оммавий намойишларга асос бўлиб хизмат қилганди. Медведевнинг обрўси тезда тушиб кетди ва унга “бечора” деган ном қўйилди. 

“2011 йилдаги “ўрин алмашиш” ҳам Путиннинг, ҳам Медведевнинг таржимаи ҳолида доғ қолдирди. Тўғри, бу Медведевга кўпроқ тегишли бўлди”, дейди сиёсатшунос Глеб Павловский. 

Бошқа бир сиёсатшунос Алексей Макаркинга кўра, Медведев Кремлдан кетгач, “ислоҳотчи” ва “эркинлик қаҳрамони” имижидан тезда маҳрум бўлди. 

“Биринчи бош вазирлик – ғарбга мойил сиёсатчининг буюк давлатчилик орзусидаги мансабдорга эврилиши бўлди. 2012 йили у ҳали президент ва ислоҳотчи эди. Аммо фаолиятини буюк давлатчилик уринишлари ва ғарб санкцияларига қарши кураш билан тугатди”, дейди Макаркин.

“Медведев бутун бош вазирлиги даврида қачондир Путиннинг эҳтимолий меросхўри бўлиш мақомини сақлаб турди. Бироқ унинг Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари деган “фахрий ва мустақил бўлмаган” лавозимга тайинланиши шуни англатадики, Медведевни 2024 йилдан кейин Россияни бошқарадиган одам сифатида кўришмайди”, деб қўшимча қилади Макаркин.     

Пенсия ислоҳоти 

Медведев ҳукуматининг энг ёқимсиз қарорларидан бири 2018 йил ёзида эълон қилинган пенсия ёшини кўтариш ҳақидаги эълони бўлди. Ҳукумат ўшанда эркаклар учун пенсия ёшини 60 дан 65 ёшга, аёллар учун эса 55 дан 60 ёшга кўтаришга қарор қилди. 

“Капитал” консалтинг фирмасининг бош иқтисодчиси Евгений Надоршиннинг фикрига кўра, пенсия ёшини кўтариш кўзда тутилган қарорнинг аксар қисмини президент ва унинг маъмурияти ишлаб чиққан. Шунга қарамай, Путин қарорни қабул қилишдан ўзини четга олди, унинг натижасида келиб чиққан норозилик тўлқинининг асосий зарбаси эса вазирлар маҳкамасига тўғри келди. 

Охир-оқибат Медведевнинг бош вазирлиги айнан халқнинг норзилигини қўзғаган пенсия ислоҳотлари билан эсда қолади, деб ҳисоблайди Россия Иқтисодиёт Мактаби раҳбари Олег Шибанов. 

Пенсия ёшини кўтариш ҳақидаги қарор бутун Россия бўйлаб оммавий намойишларга олиб келди. Медведевнинг шахсий рейтинг тушиб кетди ва бугунгача тикланмади – “Фонд Общественное Мнение / ФОМ” (“Ижтимоий фикр фонди”) ўтган йил декабрида ўтказган сўнгги сўровномада 61% россиялик бош вазирга ишонмаслигини билдирди.

“Пенсия ислоҳотидан кейин ҳукумат оммабоплигини йўқотди – унинг истеъфо беришини хоҳловчилар сони истеъфо беришини хоҳламайдиганлар сонидан ошиб кетди. Медведев шахси эса ҳукуматга нисбатан йирик миқдордаги салбий муносабатларга нишон бўлди”, дейди “Левада-центр” социологи Денис Волков. 

“Ғоясиз” инсон ва техник фигура

Дмитрий Медведевнинг ҳукумати президентнинг кўрсатмаларини бажарадиган, аммо ҳақиқий сиёсий таъсирга эга бўлмаган муассаса сифатида эсда қолди. 

“Медведевнинг бош вазирлиги бу – ўз мавқеларидан кетма-кет чекиниш бўлди. У ўзининг жамоаси – на вазирлар, на тадбиркорларнинг ғояларини ҳимоя қилди. Авторитар режим ичида ҳаёт кечираётган россияликлар ўз қарашларига, нуқтаи назарига эга бўлган вазирлар маҳкамасига бошқаларга қараганда кўпроқ муҳтож эди. Медведев эса ҳеч қандай нуқтаи назарни намойиш қилмади”, дейди сиёсатшунос Глеб Павловский. 

Павловскийга кўра, Медведев ҳукуматнинг сиёсий куч ва ижро ҳокимиятининг энг юқори бўғини сифатидаги аҳамиятини пасайтириш “вазифаси”ни амалда якунлаб қўйди: “Унинг даврида ҳукумат тўлалигича сиёсатдан узоқлашди ва баъзида президентнинг, баъзида эса яна кимнингдир буйруқларини бажарувчи техник жамоага айланиб қолди”. 

Медведевнинг ҳукумати иқтисодий ўсишдан кўра барқарорлик билан кўпроқ эсланади, деб ҳисоблайди иқтисодчилар. Бу ҳақиқатдан ҳам шундай: сўнгги йилларда Россия иқтисодиётининг ўсиш суръатлари пасая бошлади, ҳукумат эса уни кўтаришга деярли муваффақиятси равишда уриниб кўрди. Оқибатда, аҳолининг даромадлари деярли беш йил давомида қуйига тушиб борди. 

“Менинг фикримча, бу ҳукумат мавжуд вазиятни сақлаб туриши учун шундай бўлиши керак эди. Яъни, бу макроэкономик барқарорликни таъминловчи ҳукумат бўлди. Бу ҳукумат иқтисодий ўсишни таъминлайдиган ҳукумат эмас эди”, дейди “Алфабанк”нинг бош иқтисодчиси Наталия Орлова.   

Ҳукумат қандайдир силжишларга эришмоқчи бўлди, аммо ҳақиқий ўзгаришларга имкон тополмади. Иқтисодий ўсиш даражасини ошириш мақсадини уддалаб бўлмади”, дея қўшимча қилади Олий Иқтисодиёт Мактаби Тараққиёт маркази раҳбари Наталя Акиндинова.  

“Медведевнинг ҳукуматда ишлагани амалда бирон натижа билан ёдда қолмаяпти. Фақат президентлик даври оқланмаган умидлар билан эсда қолганди. Бош вазирлиги эса ёдда қолмади – агар Навалнийнинг суриштирувларини истисно қилсак, албатта”, дейди сиёсатшунос Аббос Галлямов. 

“У сизга Димон эмас”

2017 йил мартда Алексей Навалнийнинг Коррупцияга қарши кураш фонди бош вазирнинг мол-мулклари ва маблағлари ҳақида сўз борган  “У сизга Димон эмас” (“Он вам не Димон”) суриштирув-филмини тақдим этди. Филм номи Дмитрий Медведевнинг матбуот котиби Наталя Тимакованинг гапидан иқтибос сифатида олинган. У ижтимоий тармоқлардаги изоҳларда ҳукумат раҳбарига нисбатан “Димон” деб мурожаат этилганидан шикоят қилиб “У сизга Димон эмас” (“Он вам не Димон”) деб айтганди. Ушбу филмнинг намойиш этилиши Москвада оммавий намойишларга ва бутун Россия бўйлаб норозилик ҳаракатларига сабаб бўлди.

Хакерлар Медведев фойдаланадиган электрон почтани бузиб кирганидан кейингина Навалний ушбу суриштирувни амалга оширишга муваффақ бўлди. Медведев бу почта орқали Интернет дўконларга буюртма берган. Буюртмалар йўналиши Владимир Дяченко номига олиб чиқди. Навалнийнинг фикрича, бу одам “Медведевнинг махфий маблағлари”ни бошқарган.

"У сизга Димон эмас" филми чиққанидан кейин турли шаҳарларда бош вазирга қарши намойишлар бўлиб ўтди

 

Суриштирувга кўра, Медведев фойдаланади деб тахмин қилинган кўчмас мулкларга бир қатор хайрия фондларига тегишли бўлган. Уларнинг катта қисмини эса бош вазирнинг курсдоши Иля Елисеев бошқарган. 

Бу фондлардан бирига миллиардер Алишер Усмонов Москва атрофидаги қиммат Рублёвка мавзесидан 4,3 гектар ер ва 5 миллиард рубл ҳадя қилган. 

Суриштирув муаллифлари тасдиқлашича, бу фонд учун Курск вилояти Мансурово қишлоғида бир ер расмийлаштирилган. У жойда 240 минг квадрат метр майдонда қўрғон қурилган, уйнинг ўзи 1 500 квадрат метрни эгаллаган, иккита вертолёт қўниш майдончаси, ҳовуз ва спорт корти мавжуд. 

Анапа шаҳри атрофидаги 200 гектарлик узумзор, Сочидаги нархи 2,5 дан 7 миллиард рублгача баҳоланган тоғ-чанғи курорти ҳам ушбу фонд номига расмийлаштирилган.

Медведевнинг курсдоши Елисеев номи Кипр оффшорларида ҳам учрайди. Коррупцияга қарши кураш фондининг аниқлашича, у Кипрда иккита яхта ва Италиянинг Тосканасида вино ишлаб чиқарадиган заводга эга. 

“Бир қарашда ўзаро боғлиқ бўлмаган ўнлаб юридик шахслар (фирма ва компаниялар) аслида умумий ходимлар ва манзилларга эга, кўплаб кўчмас мулклар бир кишининг номига расмийлаштирилган бўлиб чиқади”, деб ёзганди Навалний. Унинг фикрича, Медведев бу тизимдаги барча нарсани бирлаштирувчи асосий шахс бўлиши мумкин. 

Бош вазирнинг ўзи Коррупцияга қарши кураш фондининг суриштирувларини “балчиқ” деб атаган. “Ҳар хил балчиқ, ёлғонларни олиб йиғишади. Менга, менинг танишларимга турли хил мен умуман номини эшитмаган одамларни боғлашади. Аллақандай, мен умуман бормаган, номини ҳам эшитмаган жойларнинг суратларини, қоғозларни, кийимларни йиғишади-да, кейин бир маҳсулот тайёрлаб, уни оммага кўрсатишади”, деганди Медведев.

Орадан бир ой ўтиб, Алишер Усмонов Коррупцияга қарши кураш фондини ўз шаъни ва обрўсига тажовуз қилганликда айблаб судга берди. Суд миллиардернинг фойдасига ҳукм чиқарди ва “У сизга Димон эмас” филмини Интернет тармоғидан ўчиришни талаб қилди. 

Бу филм барибир Интернетдан ўчирилмагани учун Коррупцияга қарши кураш фонди ходимларини ҳалигача тергов органларига чақиришади, уларнинг уйида тинтув ўтказишади. 

Суриштирув натижалари эълон қилингач, Москвада тахминан саккиз минг киши қатнашган мухолифат намойиши бўлиб ўтди. Ўшанда унда қатнашганларнинг катта қисми ёшлар – талаба ва мактаб ўқувчилари бўлгани ҳукуматни ажблантирган эди.

“Пул йўқ, аммо сиз сабр қилинг”

Медведев – Интернет-мемлар ва ҳазилларнинг доимий нишони. Унинг энг эсда қоларли ибораларидан бири “Пул йўқ, аммо сиз сабр қилинг”, бўлган. Медведев 2016 йили Россия аннексия қилган (куч билан ўзига қўшиб олган) Қримга ташриф буюриб, маҳаллий аҳоли билан учрашганди. 

Шунда бир нафақадаги аёл бош вазирга ўзининг пенсияси 8 минг рубл эканидан шикоят қилиб, Қримдаги пенсия миқдори қачон индексация қилиниши (Россиянинг бошқа ҳудудлари билан бир хил пенсия берилиши) ҳақида сўраганди. Медведев бунга жавобан: “Унақа нарса (индексация) ҳеч қаерда йўқ. Биз умуман бундай иш қилганимиз йўқ. Шунчаки, ҳозир пул йўқ. Пул топсак, индексация қиламиз. Сиз шу ерда сабр қилинг. Ҳаммангизга яхши кайфият ва соғ-саломатлик тилайман”, деганди.

“Медиалогия” бу иборани  2016 йилнинг асосий меми (Интернатда кенг тарқалган, ҳазил-мазахларга нишон бўлган мавзу) деб атаган. 

Ушбу ибора Россиядаги аксар аҳолининг қийин вазиятини, ҳукумат уларнинг муаммосини ҳал қилиб бермаслигини ифодалаш учун ишлатиладиган бўлди. Ундан ҳозиргача мухолифат намойишлари вақтида фойдаланишади. 

Атрофидагиларнинг заифлашиши

Медведевнинг бош вазирлиги даврида унинг ҳукуматида ишлаган икки вазир йирик коррупция можароларига ўралашиб қолди. Дастлаб, 2016 йил ноябрида Иқтисодий ривожланиш вазири Алексей Улюкаевни “Роснефт” компанияси офисидан чиқишда ҳибсга олишди. Тергов Қўмитасига кўра, Улюкаев компания раҳбари Игор Сечиндан 2 миллион доллар пора талаб қилган; бунинг эвазига у бошчилик қиладиган идора “Роснефт” компаниясига “Башнефт”нинг давлат ҳиссаларини сотиб олиши учун зарур ижобий хулосани беришни ваъда қилган. Пул солинган пакет Улюкаевнинг машинасидан топилди. У айбини рад этиб, “Сечин берган пакет оддий совға деб ўйлагани”ни айтди. 2017 йил декабрида Улюкаевни 8 йилга манзил колониясига ҳукм қилишди.

Дмитрий Медведевнинг 2016 йилда Қримга ташрифи "Пул йўқ, аммо сиз сабр қилинг" ибораси билан ёдда қолди

 

2019 йил мартда Россия Тергов Қўмитаси собиқ “Очиқ ҳукумат” вазири Михаил Абизовга қарши жиноий тўда ташкил этиш ва фирибгарлик айбловини эълон қилди. Ўшанда сиёсатшунослар гарчи Абизовнинг ҳибсга олиниши унинг вазирлар маҳкамасидаги иши билан боғлиқ эмаслигини қайд этишган бўлса ҳам бу воқеа Медведевнинг мавқеига жиддий зарба бўлди.

Чунки собиқ вазир Медведев билан фаол ҳамкорлик қилган. 2011 йилги “ўрин алмашиш” эълон қилинганидан кейин Медведевнинг тарафдорлари – қўллаб-қувватлов гуруҳи йиғилиб, “Единая Россия”нинг Дума сайловларида қатнашишига кўмаклашган эди. Ўшанда бу гуруҳга айнан Абизов бошчилик қилган. 

Дмитрий Медведв ҳукуматининг яна бошқа аъзолари ҳам можаролар гирдобида қолган. Уларнинг орасида собиқ бош вазир ўринбосари Сергей Приходко бор – унинг номи Алексей Навалнийнинг миллиардер Олег Дерипаска ҳақидаги суриштирувларида эслаб ўтилган. Унда айтилишича, Приходко ушбу олигархнинг яхтасида модел Настя Рибка билан бирга дам олган.

Бош вазирга энг катта зарбалардан бири унинг асосий сиёсий иттифоқчиси – собиқ бош вазир ўринбосари Аркадий Дворковичнинг заифлашгани бўлди. 2018 йил янги ҳукумат тузилганида кутилмаганда Дворкович унинг таркибига киритилмади. 

Якун

Шундай қилиб Дмитрий Медведевнинг бош вазирлик даври тарихга кирди. Кеча, 2020 йил 16 январ, пайшанба куни кечқурун Давлат Думасида йиғилган 424 депутатнинг 383 нафари Путин томонидан тақдим этилган Михаил Мишустин номзодини ҳукумат раислигига тасдиқлади, 41 депутат бетараф қолди, ҳеч ким бу номзодга қарши овоз бермади. Орадан бир соат ўтиб, Россия президенти Владимир Путин иккита қарор чиқарди: Михаил Мишустин расман Россия бош вазири, ҳукумат раиси бўлди; Дмитрий Медведев янада панароққа ўтди – Хавфсизлик Кенгаши раисининг (Путиннинг) мудофаа масалалари бўйича ўринбосарига айланди