Ички ишлар вазирлиги Сардобадаги талофатлар ҳақида янги фактларни эълон қилди

Ички ишлар вазирлиги Сардобадаги талофатлар ҳақида янги фактларни эълон қилди

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда "Сардоба" сув омбори тўғони ўпирилиши натижасида содир бўлган сув тошқини натижасида талофат етган ҳудудларда олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. 

Ҳозирда зарар етган ҳудудларни ободонлаштириш ва хавфсиз ҳудудга айлантириш учун ички ишлар органларининг жами 1 минг 271 нафар ходими сафарбар қилинган.

Хатлов тадбири давомида жами 3 448 нафар фуқаронинг фуқаролик паспорти йўқлиги аниқланди ва шундан 1116 нафар фуқаронинг паспортлари топилиб, ўз эгаларига қайтарилди.

1349 нафар фуқарога янги биометрик паспортлар расмийлаштириб берилди, 983 нафар шахсга фуқаролик паспорти расмийлаштирилмоқда.

Ушбу фуқароларнинг паспорт олишлари учун маблағлар давлат ҳисобидан қоплаб берилиши режалаштирилган.

Қидирув ишлари натижасида 5 160 бош тирик ва 5 940 бош нобуд бўлган катта ва кичик шохли уй ҳайвонлари топилди.

Тирик қолган чорва молларининг 5 154 таси таниб олиш далолатномаси ва тилхатлар асосида ўз эгаларига қайтарилди.

Сардоба сув омборида амалга оширилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларига ички ишлар органлари ходимлари томонидан жами 3 минг 476 та оғир ва махсус техника жалб қилинди, шундан 2 минг 417 тасини юк автомашиналари ташкил этади.

Талофат етган ҳудудларда ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида, тадбир бошидан 309 нафар муқаддам судланган ҳамда 106 нафар профилактик хисобда турган шахслар билан тегишли профилактик ишлари амалга оширилди.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда талофат кўрган ҳудудларда ўғирлик жиноятлари қайд этилаётгани тўғрисидаги ноўрин ва асоссиз маълумотлар тарқалган.

Талофат етган ҳудудларда ИИО ходимлари томонидан кечаю-кундуз олиб борилган қатор профилактик чора-тадбирлар натижасида, бирорта ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.