Ихтисослаштирилган ва нодавлат архивлар ташкил этилади

Ихтисослаштирилган ва нодавлат архивлар ташкил этилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон Республикасининг «Архив иши тўғрисида» Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишга тайёрланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизматининг маълум қилишича, амалдаги «Архив иши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тугатилган ташкилотлар ҳужжатларини давлат архивига топширилиши белгиланган. Бу эса, давлат архивларида Миллий архив фонди (доимий сақланадиган) ҳужжатларнинг сифатли сақланишига, яъни сақловхоналарда жой танқислиги муаммосини юзага келтириш билан бир қаторда нодавлат архивларни ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.

Шунингдек, амалдаги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотлари архивлари ҳуқуқий мақомини белгиловчи норма мавжуд эмас.

Эътиборлиси, қонун лойиҳасига киритилаётган нормалар амалиётдаги барча муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирлик ва идоралар, тармоқ давлат фондлари ҳамда ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларини ташкил этиш белгиланмоқда.

Давр талабидан келиб чиқиб, архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш, электрон базаларни шакллантириш мақсадида ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларини электрон нусхалари билан топшириш нормаси лойиҳага киритилмоқда. Шунингдек, тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан нодавлат архивларига ҳам топшириш белгиланмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши нодавлат архивларни ривожлантириш, ҳужжатлар йўқолишининг олдини олиш, фуқароларнинг ижтимоий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда давлат архивлари ўзларининг асосий вазифалари, яъни Миллий архив фонди ҳужжатларини сифатли жамлаш, ҳисобини юритиш, сақлаш ва фойдаланишга хизмат қилади.