ЖССТ Ўзбекистонга беғараз 300 минг долларлик кислород концентраторлари етказиб берди​

ЖССТ Ўзбекистонга беғараз 300 минг долларлик кислород концентраторлари етказиб берди​

2020 йил 10 август куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) Европа минтақавий бюроси Бирдамлик ва «COVID-19»га жавоб бериш глобал жамғармаси орқали ЖССТ Бош қароргоҳи томонидан харид қилинган, умумий қиймати 300 минг АҚШ долларига тенг инсонпарварлик юкининг навбатдаги партияси Ўзбекистонга етказиб берилди.

Бу сафар Истанбул рейси орқали 500 та кислород концентраторлари етказиб берилди. Ҳафтанинг охирида лаборатория ишлари учун зарур бўлган сарфланадиган материаллардан иборат яна бир юк келиши кутилмоқда.

  • Пандемиянинг бошидан ЖССТ ваколатхонаси БМТ ҳамкор агентликлари билан биргаликда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан яқиндан ишлаб келмоқда. Керакли асбоб-ускуна ва ҳимоя воситаларини етказиб бериш – бу мамлакатга кўрсатилаётган кўмакнинг бир қисмидир. Булардан ташқари, ЖССТ шифокорлар, ҳамширалар, бошқа тиббий ходимлар малакасини оширишга, лаборатория ходимларини ўқитишга, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда даволаш протоколларини тузишда кўмаклашишга, коронавирус инфекцияси тўғрисидаги доимий равишда янгиланиб бораётган халқаро ахборотни эркин олиш имкониятини таъминлашга катта эътибор қаратмоқда, - деб тушунтирди доктор Лиан Куппенс, ЖССТнинг Ўзбекистон Республикасидаги вакили.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Тошкентга инсонпарварлик юкларини жўнатишни мунтазам равишда амалга оширяпти. Масалан, июлда мамлакатга умумий қиймати 4 миллион АҚШ долларидан юқори бўлган юклар етказиб берилди. Ўз ичига юз учун 619 400 та ҳимоя қалқончаси ва 2 176 000 дона жарроҳлик ниқобини олган биринчи партия 8 июлда етиб келди. 17 июлда тиббий ходимлар учун қуйидаги шахсий ҳимоя воситалари қабул қилинди: 95 200 дона ҳимоя кўзойнаклари, 178 000 дона ҳимоя комбинезонлари, 12 000 дона жарроҳлик ниқоблари ва 1 064 000 дона КН95 респиратор ниқоблари. 24 июлда пойтахтга 38 400 дона тест-тизимлари ва бошқа лаборатория асбоб-ускуналари етказиб берилди.

Асбоб-ускуналар ва ҳимоя воситалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматига тақдим қилинди.