Карантинда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича муҳим саволларга жавоблар

Карантинда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари бўйича муҳим саволларга жавоблар

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси Бош меҳнат ҳуқуқ инспектори Гулруҳ Ниёзметова иштирокида брифинг ўтказилди.

Қуйида брифинг давомида муҳим саволларга қайтарилган жавоблар тақдим этилади.

Савол: Карантин сабабли ўзимнинг асосий иш жойимдан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқариб юборишди. Ўзимнинг автомобилимда “доставка“ билан шуғулланадиган фирмага ишга кириб ишлашим мумкинми? Бу иш стажига ўтадими ва меҳнат дафтарчамга ёзиладими?

Жавоб: Ходим карантин чора-тадбирлари белгиланган вақтда ўз ҳисобидан таътил олган бўлса, Мазкур меҳнат таътили, унинг муддатидан қатъий назар, ходимнинг иш стажига киради.

Шунингдек, Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида НИЗОМга мувофиқ, ходимнинг ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши мумкин.

Ходимнинг илтимосига кўра, ўриндошлик асосидаги иш унинг меҳнат дафтарчасига киритилади ҳамда ишлаган даври меҳнат стажига ҳисобланади.

Савол: Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Шу билан бирга Навоий давлат педагогика институти 4-курс талабасиман. Мактаб маъмурияти карантин вақтида талабаларга ойлик маош тўланмаслигини айтди. Шу қанчалик тўғри?

Жавоб: Агар ходимнинг иш ҳажми ўзгармаса, иш ҳақи камайтирилмайди. Иш ҳақи амалда ишлаган вақт ёки бажарилган иш учун тўланади.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори меҳнат шартномасининг зарур шарти экани боис, умумий қоидага кўра, иш берувчи томонидан ходимнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас.

Масофавий ишда ишловчи ходим иш вақтини ўз хоҳшига кўра тақсимлаши ҳисобга олинган ҳолда, у томонидан бажарилган ишлар учун бир баравар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Шунга кўра мактаб маъмуриятининг ҳаракатлари ҚОНУНЧИЛИККА ЗИД ҳисобланади, масофадан фаолият олиб бораётган ўқитувчиларга, шу жумладан таълим билан иш фаолиятини бир олиб бораётган ходимларга иш ҳақи белгиланган тартибда тўланиши лозим.

Савол: Агар иш масофавийга ўзгартилса, меҳнат шартномасида ўзгариш бўладими ёки ойлик тўловида ўзгариш бўладими?

Жавоб: Карантин даврида иш берувчилар ходимларнинг розилиги билан меҳнат шартномага тегишли ўзгартириш киритилиб, ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашга ўтказишлари мумкин.

Шунингдек, ушбу ҳолатларда ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади:

  • меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида — ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда;
  • меҳнатга ҳақ тўлашдаги ишбай асосида — ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда.

Демак, ушбу ҳолатда Сизга ойлик иш ҳақлари Иш берувчи ва Сиз ўртангизда тузилган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда тўлиқ тўлаб берилади.

Савол: Коллеж ўқитувчи ва хизмат кўрсатувчи ходимлари йиллик меҳнат таътилларига чиқарилган. Эндиликда ташкилотда бўш иш ўринлари тўғрисидаги ҳисобот топширилмагани сабабли Хива шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази ташкилот раҳбарини маъмурий жаримага тортмоқда.

Коронавирус пандемияси сабабли ходимлар меҳнат таътилидалиги даврида ҳисобот топширилмаганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилишим қонунийми?

Жавоб: Кичик корхоналардан ташқари, мулкчилик шаклидан қатъий назар барча корхона, ташкилот ва муассасалар иш берувчилари бўш иш жойлари бор-йўқлиги тўғрисидаги маълумотларни ҳамда ходимларнинг ишдан озод қилиниши тўғрисидаги ахборотларни туман, шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига ҳар ойнинг 5-санасидан кечиктирмасдан ҳар ҳисобот ойининг 30-31 санаси ҳолати бўйича электрон ёки қоғоз шаклида тақдим этиши ШАРТ.

Коронавирус пандемияси тарқалишига қарши чора-тадбирлар тўғрисидаги қабул қилинган қарорларда иш берувчиларни бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этмасликдан ОЗОД ҚИЛИНМАГАН, шу сабабли маълумотлар белгиланган муддатларда тақдим этилиши лозим.

Шу сабабли, Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 229-моддасига асосан бўш иш ўринларини яшириш ёки ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик учун маъмурий жарима қўллаш асосли ҳисобланади.