Карантинда хайрия ва волонтёрлик марказлари орқали аҳолига ёрдам етказиш учун 20 млрд сўм ажратилди

Карантинда хайрия ва волонтёрлик марказлари орқали аҳолига ёрдам етказиш учун 20 млрд сўм ажратилди

Аввал хабар қилганимиздек, аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясининг тарқалиш занжирини узиш мақсадида Республика махсус комиссияси қарори билан 2020 йил 13 июлдан 2020 йил 1 августга қадар республика миқёсида қўшимча равишда карантин чекловлари киритилди.

Карантинда моддий даромад манбайини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли чора-тадбирлар белгиланмоқда.

Хусусан, давлат томонидан ҳозирги кунда 20 кунлик карантин даврида моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож 120 мингга яқин оилаларни давлат томонидан озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини етказиб бериш орқали қўллаб-қувватлаш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, волонтёрларга ёрдам кўрсатиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Эндиликда моддий кўмак юкларини ўз манзилига етказиб беришда асосий ёрдамчи бўлган волонтёрлар маҳаллий ҳокимликлар томонидан зарур ҳимоя воситалари – тиббий комбинезон, тиббий ниқоб, қўлқоп, дезинфекция воситалари, шунингдек, узлуксиз ҳаракатланиш учун автотранспорт воситалари (дамас, лабо, газел ва б.қ.) билан таъминланади.

Юқорида кўрсатилган чора-тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан, моддий жиҳатдан оғир аҳволга тушиб қолаётган энг муҳтож оилаларга озиқ-овқат, дори-дармон воситалари ва биринчи эҳтиёж маҳсулотларини сотиб олиш ҳамда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари орқали етказиб бериш учун давлат томонидан 20 млрд сўм миқдорида маблағ ажратилди.

Келгусида давлат томонидан карантин даврида аҳолининг муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида заруратга қараб яна қўшимча маблағлар ҳам ажратилади.