Карантинда ёзги болалар оромгоҳлари фаолияти қандай ташкил этилади?

Карантинда ёзги болалар оромгоҳлари фаолияти қандай ташкил этилади?

Бугун АОКА ҳузуридаги штабда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бош инспектори Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Карантинда ёзги болалар оромгоҳлари фаолияти қандай ташкил этилади?

Жавоб: Ҳозирда 80 га яқин болалар оромгоҳи иш бошлаши режалаштирилган.

Асос — Болаларни хавфсиз дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил қилиш Республика мувофиқлаштирувчи комиссиясининг 26 майдаги 1-сонли баёнига мувофиқ тасдиқланган дислокация.

- Оромгоҳга дам олиш ва ишлашга борадиган болалар ва тарбиячилар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтишади;

- Ота-оналар ва қариндошларга болаларни кўриш учун оромгоҳларга бориши ва озиқ-овқат маҳсулотларини олиб боришга рухсат берилмайди.

Ҳар бир оромгоҳда тегишли эпидемияга қарши тадбирлар белгиланган.

Савол: Санаторийга боришдан аввал коронавирусга хусусий поликлиникаларда ҳам тест топширса бўладими?

Жавоб: Ҳа, бўлади. Бунда нодавлат тиббиёт муассасасига телефон орқали мурожаат этилади, улар махсус автотранспортларда келиб, тегишли намуналарни олади ва таҳлилларни ўз лабораторияларида ўтказади.

Ташкилот ходимларининг ёки фуқароларнинг таҳлилга намуна топшириш учун бевосита нодавлат тиббиёт муассасасига келишига рухсат этилмайди.

Савол: Умумий овқатланиш жойларида ҳар бир хўранда рўйхатга олинадими?

Жавоб: Йўқ, шарт эмас! Фақат карантин талаблари бўйича белгиланган талабларга риоя этилиши, яъни хўрандалар ташриф буюришидан қатъий назар муассасада кун давомида дезинфекция моддаларидан фойдаланилган ҳолда намли тозалаш ишларини амалга оширилиши ва пол қисмлари ювиб турилиши лозим.