Коронавирус даврида авторитаризм: Пандемия якка ҳукмдорларга ҳам, демократларга ҳам бирдай қўл келди

Коронавирус даврида авторитаризм: Пандемия якка ҳукмдорларга ҳам, демократларга ҳам бирдай қўл келди

Париж. Лувр музейи атрофида юрган ҳарбийлар Фото: Паскал Ле сегретен / Getty Images

Ildiz каналида сиёсатчи, тарихчи, профессор ва Граца (Австрия) Университетининг Жанубий-Шарқий Европа европалашуви кафедраси мудири Флориан Бибернинг мақоласи ўзбекчалаштирилди. Мақолани тўлиғича эътиборингизга ҳавола этамиз.

“Пандемия якка ҳукмдорларга ҳам, демократларга ҳам бирдай қўл келди. Саноқли ҳафталар ичида дунёнинг учдан бир қисми қўрғон ичига тушиб қолгандай бўлди. Аскарлар ҳарбий транспорт воситаларида шаҳар марказларини айланиб юрмоқда, миршаблар фуқароларни жамоат жойларини тарк этишга чақирмоқда, оммавий эълонлар дронлар орқали янграмоқда. Энг қизиғи, бу одатий ҳолга айланди – қолди.
Касалликнинг шиддат билан кенг тарқалиши ушбу кескин чоралар тўғри ёндашув эканлигини кўрсатмоқда. Коронавируснинг тарқалишини бартараф этиш мумкин бўлса-да, лекин дунё тағин бошқа бир хавф билан тўқнаш келмоқда: вирус камайиб, ортга чекинган пайтда кўплаб мамлакатлар 2020 йил март ойидан олдинги даврга қараганда анча камроқ демократик бўлиб қолади.

Инқироз пайтида қарама-қаршиликлар эътиборсиз қолдирилади. Хавф шундаки, вақтинчалик нарса доимийга айланиши мумкин.

Бошида популист ва авторитар ҳукмдорлар пандемияга яхши тайёргарлик кўрмаган эди. Соғлиқни сақлаш соҳаси каби давлат институтларига нисбатан эътиборсизлик ва бепарволикнинг илм-фанни назар-писанд қилмаслик билан чатишиб кетиши АҚШ президенти Дональд Трамп, Мексика президенти Андрес Мануэль Лопес Обрадор ва Бразилия президенти Хейр Болсонаро бошлиқ ҳукуматларни анча заиф қилиб қўйди.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозни инкор қилишнинг иложиси қолмаган пайтга довур, ҳукуматларнинг тарғибот агентликлари ва уларни қўллаб-қувватловчи оммавий ахборот воситалари коронавирус солаётган хавф-хатарни доимий суръатда кичрайтириб кўрсатиб келди. Қўшма Штатларда, масалан, Fox News демократларни хавф-хатарни калака қилишда айблади.

Лекин келгусида пандемия авторитар раҳбарларни зил кеткизиши мумкин – чунки бировни айблайверишнинг оддий тактикаси муваффақиятсизликка учрайди ва фуқаролар тажрибага асосланган илмнинг қадрига етишни бошлайди. Бироқ агарда авторитар подшоларга ўз легитимлиги (қонунийлиги) таҳдиди туғилса, улар авторитар ҳокимиятини икки карра ошириб, ҳукмдорлигини мустаҳкамлаш учун фавқулодда вазиятлардан фойдаланиб қолиши мумкин.

Ўзи вирус пайдо бўлмасидан олдинроқ, дунё демократиянинг таназзулини бошдан кечираётан эди. Демократик мамлакатлар кўпайиши ўрнига, уларнинг камайиб бориши 2006 йилдан буён тез-тез кузатилмоқда. Бултур Freedom Houseʼга кўра, 64 мамлакатда демократик тушиш қайд этилган бўлса, фақат 37 мамлакатда демократиянинг кўтарилиши кузатилган. Ҳозирда, дунё мамлакатлари пандемияга қарши курашиш бўйича фавқулодда чораларни қўллаётган бир пайтда, диктатуралар ҳам, демократлар ҳам ижтимоий эркинликларни ёппасига чекламоқда.

Қатор Европа давлатлари, хусусан Сербия президенти Александр Вучич Пекиннинг вирусга қарши саъй-ҳаракатларини юксак баҳолади. Хитойнинг ўзида инфекцияга чалинганлар сонининг камайиши ва Австрия, Греция, Италия ва Испания сингари давлатларга хитойликларнинг ёрдами Хитойнинг Европадаги обрўйини ошириб юборди.

“Раҳмат сизга, Оға Си“. Белград кўчаларидан бирида (Сербия)

Асосий ҳақ-ҳуқуқлардан бири бўлмиш (бир жойга) йиғилиш эркинлиги деярли ҳамма ерда бирдек чеклаб ташланди. Лекин эркин ҳаракатланиш чеклаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқларнинг биринчиси ва охиргиси ҳам эмас. Қатор мамлакатларда сайловлар ортга сурилмоқда. Демократик сайловлар учун овоз бериш АҚШда камида 12 штатда кейинга қолдирилди. Сербия ва Шимолий Македонияда эса апрелга мўлжалланган миллий сайловлар кечиктирилди. Буюк Британияда май ойига белгиланган маҳаллий сайловлар ҳам чўзилди. Бугунги вазиятда сайловларни ўтказиш, шубҳасиз, қийин ва ҳатто жуда хатарлидир. Эҳтимол, 15 мартда бўлиб ўтган француз маҳаллий сайловларининг биринчи тури коронавирус тарқаб кетишини тезлаштирган бўлиши мумкин. 

Шундай бир вазиятда, ортга сурилаётган сайловлар ҳукуматларни уларнинг қонунийлигидан жудо қилиши ва автократларга бу кечиктиришдан ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашда фойдаланишга ва сайловларни ўзига қулай фурсатда ўтказишга ёрдам бериши мумкин. Ортга сурилиши кутилаётган сайловлар ўзида демократия учун бошқа хатарларни ҳам ифодалаб келмоқда. Гарчи аксарият поляклар май ойига режалаштирилган президент сайловлари қолдирилишини истаётган бўлсалар-да, ҳукумат сайловлар май ойида бўлади, деб қаттиқ туриб олмоқда. Бундай сайловлар амалдаги президент Анжей Дудага ноҳақ қўл келган бўлади.

Фавқулодда ҳолатлар кўпинча амалдаги раҳбарларга ёрдам беради ва мухолифатга кампания юргизишга халақит беради. Умумий олиб қараганда, кечиктирилган сайловлар – энг яхши танлов, лекин бундай қарорлар аниқ (тўғри) партиялараро келишув ва графикка амал қилиши керак.

“Биз уруш ҳолатидамиз” – деди яқинда, Франция президенти Эммануэль Макрон.

Бундай кучли таассурот қолдирадиган нутқ пандемия билан кураш йўлида ҳаммани маҳкам жипслаштиришда ёрдам бериши мумкин. Лекин бундай мурожаатлар қалтис бўлиши ҳам мумкин. Вирус – бу армия эмас, уруш қўзғаш соғлиқни сақлаш соҳасидаги инқирозни – жазолаш учун қўлланадиган чораларни оқлаган ҳолда – хавфсизлик инқирозига айлантириши мумкин.

Корхоналарнинг ёпилиши, ижтимоий масофа ўрнатилиши ва одамларни кўчага чиқармаслик, йиғинларнинг тақиқланиши – коронавируснинг кенг қулоч ёзиб кетишини назорат қилиш учун ўта зарур. Лекин жиддий хавф ҳам мавжудки, бу саъй-ҳаракатлар авторитаризмни янги мавжига олиб чиқиши мумкин.

Озарбайжонда президент Илҳом Алиев баҳорги айём Наврўз табригидан мухолифатни бешинчи колонна деб таърифлашда фойдаланди ва пўписа ҳам қилиб қўйди:

“Мазкур касаллик пайтида янги муносабатларга нисбатан қонун-қоидалар қўлланилади... Қайсидир паллада фавқулодда ҳолат ҳам эълон қилиниши мумкин. Бундай вазиятда бешинчи колонна вакилларининг изоляцияси тарихий зарурият ҳисобланади”.

Уйдан чиқмай ётган миллионлаб одамлар ёлғон хабарлар палак ёзадиган ижтимоий тармоқларга тез-тез мурожаат қилмоқда. Мутаассиб исломчилар ва ултраўнгчи гуруҳлар кенг тарқаладиган чалкашлик ва қўрқувдан ёвузлик ғояларини ёйишда фойдаланади.

Кўплаб мамлакатлар аллақачон фавқулодда ҳолат тўғрисида қонун қабул қилди ёки фавқулодда ҳолат эълон қилди. Венгрияда Виктор Орбан ҳукумати 30 мартда “Коронавирусдан ҳимояланиш тўғрисида” қонун қабул қилдики, бу давлатга қарорлар қабул қилиш ва мавжуд қонунлар ҳаракатини бирмунча вақт тўхтатишга йўл очиб беради. Қолаверса, парламент назорати инқироз даврида тўхтатиб қўйилди ва фақат премьер-министр у қачон бекор бўлишини белгилаши мумкин. Янги қонун ёлғон хабарларни тарқатганлик учун шафқатсиз жарималарни ҳамда комендант соати ва карантинни бузганлик учун беш йилгача қамоққа олиш жазосини амалга киритади. Исроилда премьер-министр Биньямин Нетаньяху фавқулодда ҳолатдан коррупция бўйича суд ишини ортга суриш, парламент йиғинларини тақиқлаш ва ички назорат бўйича ички разведка органларига фавқулодда ваколатлар бериш учун фойдаланиб қолди.

Италия, Германия ва Австрия каби либерал демократик давлатларда ҳам фуқароларни назорат қилиш учун ҳеч кўрилмаган чоралар, хусусан мобил телефонлардаги маълумотлар ёрдамида уларни кузатиш чоралари қўлланилди. Черногорияда ҳукумат ҳатто карантинда қолиши керак бўлган фуқароларнинг исми ва манзилларини кенг оммага эълон қилди.

Коронавирус инқирозига қарши қаттиқ чора-тадбирларни қўллаш керак, лекин одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чекловчи ҳар қандай тадбир вақтинча ва мутаносиб (пропорционал) бўлиши лозим. Фавқулодда чора-тадбирлар доимий фавқулодда ҳолатга олиб келинмаслиги учун, аниқ белгиланган вақт доирасида бўлиши керак.

Шу билан биргаликда, коронавирусга қарши курашда муваффақият қозонган Тайвань, Сингапур каби давлатларни эслаб ўтмасдан бўлмайди. Уларнинг бу борадаги ютуқлари пандемия тўғрисида очиқ ва тўғри ахбор берганлиги билан характерланади.

Хавф аниқ. Пандемия бутун дунё бўйлаб демократиянинг жиддий пасайишига олиб келиши мумкин. Ҳозиргача Канада ва Жанубий Корея каби давлатлар бунда ҳаётий муҳим танқидий мунозаралар учун замин яратган ҳолда, пандемияга қандай самарали жавоб қайтариш кераклигини ҳаммага намоён қилишди. Бошқа давлатлар ҳам улардан ўрнак олишлари керак“.

Тамом.

Мақоланинг оригинал манбаси: Foreignpolicy.com