Коронавирусдан уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланади

Коронавирусдан уйида даволанаётган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланади

Жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Абдулла Арипов раҳбарлигида коронавирус пандемиясига қарши курашиш бўйича Республика махсус комиссиясининг йиғилиши ўтказилди.

Унда 15 июль куни Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва самарали бажариш масалалари муҳокама қилинди.

Коронавирус симптомлари кузатилмаган беморлар уйда қандай даволанишлари керак? (эксперт тавсиялари)

Жумладан, пандемия даврида аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш узлуксизлигини таъминлаш, коронавирусга текширувларни тезкор ва самарали ташкил этиш ва беморларни керакли дори-дармонлар билан таъминлаш бўйича биринчи галда қилинадиган ишларга эътибор қаратилди.

Комиссия йиғилишида уйида даволанаётган коронавирус беморларини бепул дори-дармонлар билан таъминлаш юзасидан қарор қабул қилиниб, уларга етказиб бериладиган дори-дармонлар рўйхати тасдиқланди.

Бундан буён коронавирус касаллигидан уйида даволанаётган беморларга «Гидроксихлорохин», «Азитромитсин», «Паратсетамол», «Витамин С» каби дори-дармонлар ҳамда бир марталик тиббий ниқобларни белгиланган меъёрда, бепул етказиб бериш йўлга қўйилади.

Коронавирус инфекцияси бўйича тест натижалари мусбат натижа берган ҳамда касаллик енгил кечаётганлиги сабабли шифокорлар тавсиясига асосан уйида даволанаётган беморлар мазкур тиббий воситалар билан бепул таъминланади.

Йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда тегишли идораларга зудлик билан мазкур дори-дармонларнинг 50 мингта тўпламини шакллантириш ва уйида даволанаётган беморларга етказиб бериш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.