Коронавирусга топшириладиган тестларнинг аниқлик даражаси қанча?

Коронавирусга топшириладиган тестларнинг аниқлик даражаси қанча?

Аввал маълум қилинганидек, бугун АОКА штабида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Савол: Хусусий клиникаларга ҳам вирусга тест таҳлил олишга рухсат берилганини эшитдим. Бу тестлар қандай амалга оширилади? Экспресс-тестлар ёрдамидами ёки лаборатория текширувлари биланми? Ушбу тестлар натижаларининг аниқлик фоизи қанча?

Жавоб: Хусусий клиникаларда тест ўтказиш қарори ишлаб чиқилмоқда. Ўзбекистонда тестлар лабораторияда полимераза занжирли реакцияси ёрдамида амалга оширилади. Ўзига хослик, сезувчанлик ва маълумотлар аниқлиги юқори даражада.

Экспресс-тестлар бизда ўтказилмайди.

Савол: Карантин вақтида бачадон миомасини олиш бўйича қаерда операция қилиш мумкин. 103 жавоб бермаяпти. Скутерда шошилинч тиббий ёрдам марказига бордик. У ерда қон тўхтатувчи укол қилишди ва карантин вақтида ҳеч ким операция қилмаслигини айтишди.

Жавоб: Бу масалада акушерлик ва гинекология ихтисослашган маркази директорига мурожаат қилдик. Уларнинг таъкидлашича, Марказда ётқизиш ва операция ўтказишда ҳеч қандай тўсиқ ва муаммолар йўқ экан.