Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Марказий банк асосий ставкани ўзгаришсиз қолдирди

Фото: Spot

23 июль, пайшанба куни Марказий банк асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги Бошқарув йиғилишини ўтказди. Йиғилишда Марказий банк Бошқаруви асосий ставкани 15% даражада ўзгаришсиз қолдирди.

Йил бошидан бери Марказий банк асосий ставкани бир марта 14 апрель куни 1% га туширган эди.

Шунингдек, Марказий банк йил якуни бўйича инфляция прогнозини 11-12,5 фоиз даражасида ўзгартиришсиз сақлаб қолди.

II чоракдан бошлаб инфляция даражаси ўтган чоракка нисбатан бироз кўтарилди ва июнь ойи якунлари бўйича 14,2 фоизни ташкил этди. Жорий йил иккинчи чорагида нархларнинг ўсишига озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш материалларига бўлган юқори талаб ҳамда июнь ойида мева ва сабзавотлар нархининг мавсумий пасайишининг кутилганидан кўра секинроқ бўлиши каби омиллар оширувчи босим кўрсатди.

Иккинчи чоракда базавий инфляция нисбатан юқори ўсиш суръатига эга бўлди ва июнь ойида йиллик 13,8 фоизни ташкил этди.