Марказий банк келгуси уч йил учун ўз прогнозларини маълум қилди

Марказий банк келгуси уч йил учун ўз прогнозларини маълум қилди

Фото: uwm.edu

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Инфяцион таргетлаш режимига босқичма – бошқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Марказий банк Инфляцион таргетлашга ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини амалга оширишнинг 2020 йил ва 2021-2022 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини эълон қилди.

Шу муносабат билан, мазкур ҳужжатни ишлаб чиқишда, Марказий банк томонидан асосий эътибор таркибий ислоҳотларнинг янги босқичига ўтиш даврида инфляцион таргетлаш режимини фаол тадбиқ этиш орқали пул-кредит сиёсати шароитларини белгилашга қаратилди. Бунда:

2023 йилдан инфляциянинг 5 фоизлик доимий мақсадли кўрсаткичи (таргети);

2021 йилда инфляцияни 10 фоизгача пасайтириш мақсади белгиланди.

Марказий банк прогнозларига кўра, 2020 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажмининг реал ўсиши 5,2-5,5 фоизни, 2021-2022 йилларда 5,5-5,8 фоизгача тезлашади.

Солиқ-бюджет соҳасида умумий фискал баланс тақчиллигининг маълум миқдорда қисқариши ҳамда давлат ташқи қарзининг белгиланган параметрлар доирасида шаклланиши кутилмоқда. Умумий фискал баланснинг 2020 йилда ЯИМга нисбатан 2,7 фоиздан ошмаслиги, 2022 йилга қадар босқичма-босқич 1,5 фоизгача пасайиб бориши ва келгуси йилларда ушбу даражада сақланиб қолиши прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра келгуси йилларда тўлов балансининг жорий операциялар ҳисобварағи манфий сальдоси ЯИМга нисбатан 2020 йилдаги 7 фоиздан 2022 йилда 5,9 фоизгача пасайиб боради. Ушбу тақчилликнинг асосан ташқи молиявий манбалар, хусусан, инвестицион ресурслар ҳисобидан қопланиб бориши натижасида валюта алмашув курсига сезиларли девальвацион босимни юзага келтирмаслиги кутилмоқда.

Асосий сценарий бўйича йиллик инфляция даражаси 2020 йил охирида 12-13,5 фоиз оралиғида бўлиб, 2021 йилда бир хонали сон даражасига тушади ва 2023 йилда эса асосий 5 фоизлик таргетга эришилади.

Ушбу сценарийга кўра, ташқи иқтисодий шароитларнинг жорий тенденциялари сақланиб қолиб, асосий савдо ҳамкор давлатлар иқтисодиётида кескин ўзгаришлар юзага келмайди ҳамда асосий экспорт товарлари нархлари ва трансчегаравий пул ўтказмалар ўсишининг ижобий динамикаси сақланиб қолади.