Марказий банк ўз мобиль иловасини тақдим этди

Марказий банк ўз мобиль иловасини тақдим этди

Фото: Марказий банк матбуот хизмати

Марказий банк Android фойдаланувчилари учун мобиль иловани ишга туширди. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати маълум қилди. 

"Ушбу мобиль илова расмий веб-сайт фойдаланувчиларига қўшимча қулайлик яратиб, Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг барча ахборот ва интерактив хизматларини қулай форматда кўрсатади", - дейилади хабарда.

Мобиль илова орқали асосий пул кўрсаткичлари ҳақидаги янгиликлар ва маълумотлардан ташқари, курсни сана бўйича саралаш функцияси орқали осонгина топиш, шунингдек, энг кўп сўраладиган саволларга жавоблар билан танишиб бориш ва бошқа имкониятлардан фойдаланиш мумкин.

Иловада Ўзбекистоннинг географик харитасида жойлашуви кўрсатилган банк инфратузилмаси объектларининг интерактив харитаси мавжуд. Унда юборилган манзил (локация) бўйича энг яқин жойлашган кредит ташкилотлари ва уларнинг филиалларини, валюта айирбошлаш шохобчалари, банкоматлар, шу жумладан, куну-тун режимида ишлайдиган кўп функцияли ўз-ўзига хизмат кўрсатиш пунктларини топиш ва фойдаланувчи жойлашган жойдан танланган объектгача бўлган масофани аниқлаш функцияси мавжуд. Шунингдек, харитада манзил, иш вақти, телефон рақамлар ва фотосуратлар келтирилган.

Илова орқали Марказий банкка ариза билан мурожаат йўллашингиз, банкларда учраётган муаммоларни ҳал этиш учун ўз шикоятингизни қолдиришингиз мумкин. Ушбу бўлимнинг ўзида юборилган мурожаатлар қай ҳолатда эканлигини кузатиш имконияти мавжуд.

Мобиль иловада банк тизимининг ҳуқуқий асослари базаси жойлаштирилган. Базадан кенгайтирилган фильтр орқали керакли ҳужжатларни тез ва осон топиш, маълумотларни юклаб олиш ёки онлайн ўқиш мумкин.

Push-хабар хизмати сизга янги валюта курслари тўғрисида хабар беради. У тўрт хил: ўзбек (кирилл ва лотин графигида), рус ва инглиз тилларида тақдим этилган.

Мобил иловани бу ердан юклаб олиш мумкин.