Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак 91 ёшида вафот этди

Мисрнинг собиқ президенти Муҳаммад Ҳусни Муборак 91 ёшида вафот этди

Муҳаммад Ҳусни Муборак ўзига қарши ўтган судларда замбилда ётган ҳолда қатнашган. ©️ STR/EPA

Қарийб 30 йил давомида Миср Араб Республикасини бошқарган собиқ президент Муҳаммад Ҳусни Муборак 91 ёшида вафот этди. Бу ҳақда бугун, 2020 йил 25 феврал, сешанба куни Миср давлат телевиденияси хабар қилди

Асли ҳарбий бўлган Ҳусни Муборак 1981 йили, аввалги президент Анвар Садат ўлимидан кейин ҳокимиятга келган бўлиб, бир неча бор қайта сайланиш орқали “Араб баҳори” авжига чиққан 2011 йилгача Мисрни танаффуссиз бошқариб келди.  

2011 йил 25 январда Миср пойтахти Қоҳирада бошланган аксилҳукумат намойишлар бутун мамлакатга тарқалиши, бунинг ортидан тартибсизлик ва зўрвонликлар келиб чиқиши манзарасида Ҳусни Муборак 2011 йил 11 февралда ўз ихтиёри билан истеъфога чиқди. 

Аммо у бир қатор айбловлар билан судга тортилди ва миясига қон қуйилгани туфайли эркин ҳаракатланиш имкониятидан маҳрум бўлганига қарамай кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди. Фақат 2017 йилга келибгина унга қўйилган айбловларнинг аксарияти бекор қилиниб, озодликка чиқарилганди. 

Муборакдан кейин Миср тарихида ўтган илк демократик сайловлар натижасида 2012 йил июнда ҳокимиятга келган Муҳаммад Мурсий орадан бир йил ўтиб, 2013 йил 3 июлда ҳарбий тўнтариш натижасида ағдарилди ва 2019 йил июнда қамоқда вафот этди. 

Муҳаммад Ҳусни Муборак 1928 йили Нил воҳасидаги қишлоқлардан бирида туғилган. У 1949 йили Миср ҳарбий ҳаво кучлари сафига қўшилган ва 1972 йилга келиб ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонига айланган. Муборак 1973 йили октябрда Синай ярим оролида Исроилга қарши урушдаги иштироки учун миллий қаҳрамонга айланган эди

Муборакнинг президентлик йиллари коррупция, сиёсий тазйиқ ва қатағонлар, иқтисодий муаммолар билан эсга олинади.