10 апрель, жума куни АҚШнинг Нью-Йорк штати коронавирус юқтириб олган беморлар сони бўйича жаҳондаги ушбу рейтингда иккинчи ўринда тураётган Испаниядан ўтиб кетди. Жон Хопкинс университети маълумотлари бундан дарак бермоқда.
Нью-Йорк штатида 162 мингдан зиёд одамда коронавирус аниқланган. Испанияда эса 157 минг. АҚШда пандемиядан қайд этилган 16,6 мингта ўлим ҳолатидан 7067 таси Нью-Йоркка тўғри келади.
New York Times газетаси шаҳар суд-тиббий экспертизаси раҳбари Айю Уорти-Дэвисга таяниб ёзишича, шаҳарда морг хизматчиси, ҳарбий хизматчи ва Миллий Гвардия ходимидан иборат (жами 4 киши) 15 та гуруҳ тузилган. Улар ҳар куни 12 соатдан ишламоқда ва кунига 280 тача ўлик олиб кетяпти. «Уларнинг аксарияти коронавирус қурбони бўлган бўлиши мумкин, аммо расмий ҳисоботга киритилмаган», дейилади газета хабарида.