Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси янги лойиҳани тақдим этди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси янги лойиҳани тақдим этди

Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистондаги бўш иш ўринлари” номли янги лойиҳани тақдим этди. Бу ҳақда элчихона матбуот хизмати хабар қилмоқда.

“Лойиҳамиз сизга ўзингиз орзу қилган ишни топиш ва беқиёс Ватанимиз тараққиётига ўз ҳиссангизни қўшиш имконини беради деб умид қиламиз”, - дейилади хабарда.

Элчихона веб-сайтида махсус бўлим очилиб, унда юқори малакали фуқаролар учун Ўзбекистон давлат ва хусусий ташкилотларидаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.

Жадвалда иш берувчи, фаолият соҳаси, лавозим тури, иш ҳудуди, номзодларга талаблар, иш ҳақи ҳамда мурожаат қилиш ёки резюме юбориш учун телефон рақамлари ҳавола этилган. Жадвалдаги маълумотлар тегишли ташкилотлардан мурожаатлар келишига қараб мунтазам янгилаб боради.