Расул Кушербаев прокуратурадан Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ воқеага ҳуқуқий баҳо беришни сўради

Расул Кушербаев прокуратурадан Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ воқеага ҳуқуқий баҳо беришни сўради

15 декабрь куни «Демократик дебат»нинг навбатдаги сонида иштирок этган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев прокуратурадан Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев билан боғлиқ навбатдаги шов-шувли ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришни сўради, деб хабар беради «Kun.uz».

«Биз бу бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, хусусан, Бош прокуратура ҳуқуқий баҳо беришини сўраймиз. Умид қиламизки, улар вазият юзасидан аниқ ҳуқуқий баҳо беради ва тегишли жавобгарлик масаласини керак бўлса кун тартибига олиб чиқади ҳамда жамоатчиликни унинг натижасидан хабардор қилади», – деди депутат.

У ҳокимга бу сафар қандай жазо берилиши ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди.

«Нима билан қутулиши-қутулмаслигини ҳозир айта олмайман, чунки бу бизнинг ваколатимиздаги иш эмас. Лекин биз умид қиламиз ва талаб қиламизки, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиб, ҳеч ким бунақа даражада босим ўтказиш ва қўрқитишга ҳақли эмас. Жумладан, ҳокимлар ҳам. Қонунлар ҳамма учун баробар ва халқнинг иродаси билан қабул қилинган. Қонунларга оёқ қўйишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Марҳамат қилиб жавоб бериши шарт», – дейди парламент аъзоси.

Ҳозирча ҳуқуқ органлари ҳолат юзасидан расмий муносабат билдиргани йўқ.

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг овози экани гумон қилинаётган яна бир аудиоёзув тарқалди.

Аудиода овоз эгаси газ таъминотидаги муаммолардан норози бир гуруҳ аҳоли вакиллари ноябрь ойи охирида Қува туманидаги автомобиль йўлларидан бирини тўсиб қўйгани ҳақида гапиради ва ушбу туман ҳокими Равшан Қурбоновдан бу воқеаларни видеога олган шахснинг «жанозаси қачон ўқилиши»ни сўрайди.

«Чора кўриш эмас бу, жанозаси ўқилса кейин ҳисоб энди уни», дейди овоз эгаси бу борада чора кўрилганини айтган туман ҳокимининг жавобидан қониқмай.

Фарғона вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати бу аудиони сохта ва «пранкер» (овоз ўхшатувчи)лар томонидан тайёрланган, дея муносабат билдирди. Муносабатда таъкидланишича, бу «Озодлик»нинг Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниевга нисбатан навбатдаги туҳмати.

«2 декабрда айтилган деб иддао қилинаётган аудио ёзувдаги овози ўхшатилган сўзлар бирон бир селектор йиғилишида Шуҳрат Ғаниев томонидан айтилмаган. Шуҳрат Ғаниев журналист ёки блогерларга нисбатан босим ёки тазйиқ ўтказмаган, Қува тумани ҳокимига бу ҳақда ҳеч қачон танбеҳ бермаган», – дейилган ҳокимлик билдиришида.