Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Омбудсман Акмал Саидов бошчилигидаги Миллий марказ «жим турганини» эслатди
26.06.2020 11:19,  
691

Аввалроқ, Акмал Саидов Халқаро пресс-клуб сессиясида «Ходимим Андижонга борди. Марҳумнинг оиласида бўлди. Оила аъзолари ундан нимани сўрашганини биласизми? «Бизни блогерлар қийнаб юборишди. Бизнинг қайғумиздан улар нима қилишмоқчи эканини биласизми? Нима қилишмоқчи эканликларини билмаймиз. Бизларни блогерлардан ҳимоя қилинг». Бу марҳум оила аъзоларининг сўзлари», деган ҳамда омбудсманнинг минтақавий вакили фаолиятини танқид остига олган эди. Унинг ҳисоблашича, бу каби ҳолатларга реакция қилиш омбудсманнинг биринчи даражали мажбурияти.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) матбуот хизмати Акмал Саидовнинг фикрлари юзасидан муносабат билдирди.

"Маълумки, Андижон шаҳар ички ишлар органлари ходимлари томонидан фуқаро А.Абдукаримовга етказилган тан жароҳати натижасида у вафот этган эди. Айни пайтда марҳум А.Абдукаримовга нисбатан содир этилган жиноят иши бўйича суриштирув-тергов ҳаракатлари шахсан Бош прокурор назоратида.

Шу билан бир қаторда, ушбу салбий ҳолат вужудга келишига сабаб бўлган шарт-шароитларни ўрганиш ва келгусида бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан миллий превентив механизм доирасида Омбудсманнинг Минтақавий вакили, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ҳамда «Юксалиш» умуммиллий ҳаракатининг Андижон вилояти бўйича вакиллари иштирокидаги эксперт гуруҳи таркибида Андижон вилоятида жойлашган бир қатор ички ишлар бўлимлари, шахслар ушлаб турилган, ўз эрки билан чиқиб кета олмайдиган жойлар ва тергов ҳибсхонасида жорий йилнинг 22-23 июнь кунлари мониторинг ўтказилди.

Мониторинг давомида Андижон вилоятида жойлашган 3-сон тергов ҳибсхона, Андижон вилояти ИИБ маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган Махсус қабулхона ва Аниқ яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш Маркази, шунингдек, Андижон шаҳар ички ишлар бошқармаси, Балиқчи ва Қўрғонтепа туманлари ички ишлар бўлимларидаги вақтинча сақлаш ҳибсхоналари ҳамда Андижон шаҳар ички ишлар бошқармасининг 4- ва 6-сон ички ишлар бўлимларида эҳтиёт чораси сифатида қамоқ қўлланилган ёки вақтинча ушлаб турилган шахслар учун яратилган шароитлар ҳамда уларга нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш учун кўрилаётган чора-тадбирлар ўрганилди.

Шунингдек, мониторинг жараёнида эксперт гуруҳи аъзолари марҳум А.Абдукаримов яшаб келган хонадонга ташриф буюрди ва унинг яқин қариндошларига ҳамдардлик билдиришди. Ташриф жараёнида омбудсман ходимларига марҳум А.Абдукаримовнинг синглиси М.Ибрагимова жиноят содир этган ички ишлар ходимларига нисбатан қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилди.

Бу ҳақда биз батафсил маълумот бермоқчи эдик. Аммо, бугун, Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар режаси (Йўл харитаси) юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ директори, академик А.Саидов ўз чиқишида Омбудсманнинг минтақавий вакилига танқидий фикрлар билдирди.

Марҳум А.Абдукаримов ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилган тан жароҳати натижасида вафот этганлиги ҳақида интернет нашрларида хабар тарқагач, ушбу ҳолат Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан ўрганилиб, алоҳида назоратга олинди ва 14 июнь куни Омбудсман томонидан муносабат ва марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирилди. Қолаверса, Вакил томонидан ушбу салбий ҳолат юзасидан Gazeta.uz ҳамда Uzreport ва Ўзбекистон 24 журналистларига интервью берилди. Бу пайтда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ жим эди (сайтларда берилган муносабатлар санасидан билиш мумкин). Бунинг учун, аввало, журналистлар, интернет нашрлари ва блогерларга миннатдор бўлишимиз керак. Давлат раҳбарининг иродаси билан мамлакатимизда бугун сўз ва фикр эркинлиги қарор топди. Бу эса инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги Ўзбекистоннинг энг катта ютуғидир.

Шуни алоҳида таъкидлашни истар эдикки, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари ҳамон жамоатчилик асосида (маош олмайди) фаолият олиб боришади ва улар ўз иш хоналарига эга эмас. Бу ҳақда Вакил бир неча йиллардан буён парламент палаталарига мурожаат қилиб келади. Бундан ташқари Вакил котибияти ўз биносига эга эмас, балки Метрополитен биносида ижарада фаолият олиб боради (фурсатдан фойдаланиб метрополитен раҳбариятига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз).

Бу муҳим эмас! Муҳими Андижондаги воқеага ҳаммамиз айбдормиз! Ички ишлар ҳам, Омбудсман ҳам, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ ҳам!

Энг муҳим хулоса, бундай ҳолат бошқа такрорланмаслиги лозим. Инсон ҳуқуқлари учун ҳаммамиз масъулмиз!" - дейилади Омбудсман ахборотида.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан