13 июль, душанба куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов видеоконференцалоқа шаклида Осиё тараққиёт банки (ОТБ) президенти Масацугу Асакава билан музокаралар ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мулоқотда Ўзбекистон ҳукумати томонидан аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилиш ва пандемиянинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишига салбий таъсирини камайтириш бўйича жорий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
ОТБ президенти Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини модернизация қилиш ҳамда жиҳозлаш учун 100 миллион доллар миқдорида янги кредитни маъқуллаш бўйича тайёргарлик ишлари якунланаётганини маълум қилди. Кредит жорий йилнинг август ойи бошида маъқулланиши кутилмоқда.
Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга ошириш учун биргаликда молиялаштириш асосида Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг 100 миллион долларлик маблағлари жалб этилиши маълум қилинди.