Ўзбекистондаги ҳақ-ҳуқуқсизлик занжири: давлат хизматчилари ва мулозимлар

Ўзбекистондаги ҳақ-ҳуқуқсизлик занжири: давлат хизматчилари ва мулозимлар

Рейтерс агентлиги Ўзбекистонда мулозимлар 15 соатлаб ишлаб, иш жойларида ухлаб қолишлари ҳақида ёзибди. Мажлисларда ухлаётган депутатлар, мулозимлар – одатий ҳолга айланиб қолишди.

Ўзбекистонда аксарият давлат мулозими ва ҳатто ходимлар ҳам, иш вақтини соат эрталабки 8:30-9:00 атрофида бошлаб, кечки 9-10ларда тугатишади. Оилали мулозимлар, ходимлар иш кунлари болаларини кўрмаслиги одатий ҳолга айланган.

Инсон ҳуқуқларини таъминланиши ҳам, бузилиши ҳам занжирли реакцияга эга. Агар давлат мулозимлари, раҳбарлар “биз шу иш вақтига, иш босимига сабр қиляпмиз, сиз ҳам сабр қилинг, еки жойни бўшатинг!” дейдиган бўлса, давлат секторида малакасизлар, бошқа имкони бўлмаганлар, еки ўта коррупционерлар қолади.

Собиқ Президент Каримов одатда ишдан соат кечки 9-10ларда қайтарди. Ундан олдин, Президент девони, вазирлар маҳкамаси, давлат бошқаруви муассасалари раҳбарлари, вилоят ҳокимлари ва ҳ.к.лар ишда ўтиришардики, “катта телефон қилиб қолса, иш жойида бўлишим керак!” деган қараш бор эди. Иш самарадорлиги муҳим эмас, иш жойида бўлиш муҳим! Муассаса ва идора раҳбарлари ишда ўтирар экан, кўпгина ходимлар ҳам ишда ўтиришга мажбур бўлишарди.

Афсуски, мана шу тафаккур, бугунги иккинчи маъмурият даврида ҳам сақланиб қоляпти. Бу айтилмаган қоидани ўзгартириш учун, бир томондан, давлат ходимларининг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни моддий ҳимоясини ошириш, иккинчи томондан, давлат хизматчиларининг самарадорлигини ошириш керак бўлади.

Ўзбекистонда бюрократия тизимини самарадорлигини ошириш –алоҳида долзарб масала. Мен ғарбда давлат муассасалари, давлат ва нодавлат ташкилотларини ишлаш усулини, тизимини қизиқиш билан кузатаман. Масалан, бу ерда хизматчилар махсус тренинглардан ўтишадики, бир соатда, айтайлик 7-10та одамни эшитиш, уларни муаммоларини тезда тушуниш ва энг тўғри ечим таклиф қилиш, муаммони ҳал қилиш бўйича тренинглар ўтишади. Ходимлар ниҳоятда тез ёзишади. “Ўзингиз ёзиб келинг” ёки, “мана шуни йўлини топиб, қилиб келинг” деган “тепиб юборишлар”ни ниҳоятда кам учратасиз.

Бутун дунёда, қонунларда ўрнатилган ҳафталик максимал иш соатлари бор. Масалан, Францияда бир ҳафталик иш соати – 35 соат. Ундар ортиқ, ҳафтадаги ҳар бир соатга икки баравар ҳақ тўлаш керак бўлади. Агар иш кечки 21:00 дан эрталабки 05:00гача бўлса, ҳар соатига қўшимча 60% тўланади. Байрам кунлари ишласангиз, соатига икки, уч баравар ҳақ тўлашлари лозим бўлади.

Ўзбекистонда меҳнат кодексига амал қилинмаяпти. Одатда ҳар бир соҳа бўйича мустақил ва кучли касаба уюшмалари ишлаши лозимки, улар ўзлари масъул соҳа ходимларни ҳаққини талаб қилишлари лозим. Яқинда Францияда полициячилар касаба уюшмаси катта жанжал кўтариб, ҳукуматдан бир неча миллион евролик қўшимча ҳақ ундириб берди. Касаба уюшмасининг айтишига кўра, полициячилар ҳар куни қўшимча 2-3 соатлаб кўп ишлаган, лекин кейинги олти ойда уларга қўшимча иш учун пул берилмаган экан.

Агар Ўзбекистон ривожланмоқчи бўлса, муаммоларни айтиш, эшитиш ва ечиш керак. Бу миллий бойлик яратиш, аҳоли фаровонлиги ва умуммиллий хотиржамлик шакллантиришнинг ягона йўли ҳисобланади. Муаммоларни кўтарилиши – давлатни заифлаштирмайди. Аксинча, муаммоларнинг кўтарилиши ва ечилиши – давлатни кучайтиради. Дунёдаги энг қудратли давлатлар ва энг қудратли сиёсатчилар – муаммолари сурункали айтилаётган ва ечилаётган давлатлар, ва уларнинг раҳбарларидир.