Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






“Ўзбекнефтгаз”: Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, журналист ва блогерлар иштирокида “Зеварда” конида бурғилаш, қазиб чиқариш ва қайта ишлаб чиқариш корхоналари эҳтиёжлари учун тақдимот тадбири ўтказилди
20.09.2022 14:38,  
20

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг ташаббуси билан Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Зеварда” конида хорижий компаниялар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва ОАВ, блогерлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида бурғилаш, газни қазиб чиқариш, қайта ишлаш корхоналарининг 2023 йил учун эҳтиёжлари тақдимоти ўтказилди.

Тадбирни ўтказиш учун Қашқадарё вилоятининг ўзига хос иқлим шароитига эга бўлган Муборак туманида жойлашган нефтгаз кони танлангани бежиз эмас албатта. Бу кон1968 йилда очилган бўлиб, Ўзбекистондаги энг йирик конлардан бири ҳисобланади. Коннинг кунлик қазиб олиш қуввати 9,5-10 млн.куб метр табиий газни ташкил этади.

Аввалгиларидан фарқли равишда, бу сафарги тақдимот тадбирига қизиқиш жуда юқори бўлди. Унда 300 га яқин маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари вакиллари, 40 га яқин журналист ва блогерлар – “Ўзбекистон 24", "Ёшлар", "Менинг юртим", "Севимли", "Зўр-ТВ" телеканалларини, "Янги Ўзбекистон", "Даракчи" газеталарини, "kun.uz", "daryo.uz", "xabar.uz", "UzNews.uz", Human.uz, Jahon.uz, Geolog.uz каби оммавий сайтлар, Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги ва бошқалар таклиф этилди.

Шунингдек, тадбирга 50 га яқин соҳавий илмий тадқиқот муассасалари вакиллари, профессор, ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар ҳам ташриф буюришди. Тақдимотда илк марта Россия Федерацияси, Озарбайжон, Хитой Халқ Республикаси, Уммон султонлиги, Австрия каби хорижий давлатларетакчи компаниялари вакиллари ҳам иштирок этишди.

Тадбирни “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев видеоконференц алоқа орқали очиб берди ва тадбир иштирокчиларининг ташрифи учун миннатдорчилик билдирди. Бундан ташқари Бошқарув раиси соҳа учун ҳаттоки мих харид қилиниши ҳам очиқ ва шаффоф бўлишини билдирди ҳамда сўнгги уч йилда бунга тўлиқ амал қилинаётганини билдирди. Бундан ташқари маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналари раҳбарлари билан доимий алоқа ўрнатиш ҳамда ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун 2022 йил сўнгги қадар яна уч марта ўзаро учрашув ташкил қилиниши айтилди.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 августдаги ПҚ-4426-сон ”Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида”ги Қарорлари ижроси доирасида “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятида маҳаллийлаштириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, харидлар шаффофлигини таъминлаш йўналишида буткул янгича тизим жорий этилди. 

Олиб борилган ишлар натижасида сўнгги уч йилда тармоқ маҳаллийлаштириш дастури доирасида 7,8 трлн сўмлик 57 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шу билан бир қаторда импортни қисқартириш, ички бозор имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш натижасида импорт ҳажми 2018 йилдаги 865 млн. АҚШ долларидан 2021 йилда 486 млн. АҚШ долларигача ёки 1,8 бараваргача қисқартирилди.

Жорий йилда GTL заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ кимё мажмуаси каби корхоналарда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ўтказилган учрашувларда эришилган келишувлар доирасида умумий қиймати 82,3млрд. сўмлик шартномалар электрон кооперацион портали орқали имзоланиб 7,6 млн. долларлик импорт қисқартирилишига эришилди.

Таъкидлаш жоизки, компания йиллик харид портфели, яъни эҳтиёжлари дастурини шакллантиришда жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва илмий бирлашмалар учун маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш учун олдиндан шароит яратиш ҳам кўзда тутилган.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ аниқлаштирилган харид портфелига кўра, 2023 йилда хўжалик фаолияти учун умумий эҳтиёжлар 3,6 трнл.сўмни ташкил этади (бурғилаш ҳамда коммунал, қўриқлаш, ёнғин хавфсилиги бошқа харажатлардан ташқари), шундан 2,1 трлн.сўм ёки 58,1 фоизи маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар бўлса, 1,5 трлн.сўми ёки 41,9 фоизи хизматлардан иборат.

Очиқ мулоқот шаклида ўтказилган тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида маҳаллийлаштириш, импортни қисқартириш ва инновацион ривожланиш йўналишидаги илмий-тадқиқот ишлари тақдимоти ҳам ўтказилди. Бевосита газ қазиб чиқариш кони ҳудудида ускуна ва маҳсулотлар очиқ кўргазмаси ташкил этилиб, бу ерда ўзлаштириш учун таклиф этилаётган юқори технорлогик маҳсулотлар, жумладан газ ҳайдаш агрегатлар эҳтиёт қисмлари, двигателлар, насослар мустаҳкамловчи қувурлар намуналари намойиши ўтказилди.

Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” тизимида шартномаларни расмийлаштириш ҳамда тўловларни амалга ошириш тизими ҳақида ахборот берилди, меҳмонлар учун “Зеварда” 337-сон бурғилаш қудуғи ҳамда Муборак газни қайта ишлаш заводига саноат экскурсиялари уюштирилади.

Бу ерда ҳам бурғилаш учун зарур бўладиган эҳтиёт қисмлар ва намуналар намойиши ўтказилиб, ОАВ ходимлари, блогерлар ва жамоатчилик вакилларига тўлиқ маълумотлар берилди. Тадбир давомида хорижий ва маҳаллий корхоналарнинг маҳаллийлаштириш йўналишидаги инвестиция лойиҳалари тақдимотлари ҳам ўтказилди. 

Тақдимотда Россия Федерациясининг Лукойл, ТМК, Татнефть, ПЛК-ГРУПП, Озарбайжоннинг СОКАР, Хитойнинг “China Petroleum Pipeline”, Уммон давлатининг “Techique LLC” каби компаниялари раҳбар ва етакчи мутахассислари иштирок этишди. Бугунги кўргазма давомида маҳаллийлаштириш ва кооперация ҳамкорлиги йўналишида бир қатор шартнома ва меморандумлар имзоланди. 

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда 1,3 трлн.сўмлик маҳсулотлар ҳам 833,6 млрд.сўмлик хизматларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар орқали таъминлаш режалаштирилган бўлиб, жорий йилнинг декабрь ойига қадар мазкур эҳтиёжлар рўйхати Давлат харидлари бўйича махсус ахборот портали ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖ расмий вэб-саҳифасида эълон қилинади. 

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан