«План» тўлдириш учун баённомалар тузишни буюрган ИИВ подполковнигига хизмат текшируви тайинланди

«План» тўлдириш учун баённомалар тузишни буюрган ИИВ подполковнигига хизмат текшируви тайинланди

Аввалроқ, Тошкент шаҳар Олмазор тумани ИИО ФМБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими катта инспектори, подполковник Фаррух Холовнинг туман ИИО ФМБ профилактика инспекторларига ички ишлар органлари шахсий таркибидан иш натижаларини оширишни талаб қилиб йўллаган мурожаати тарқалганини маълум қилган эдик.

Ички ишлар мулозими «план»ни тўлдириш учун ҳар куни бештадан маъмурий баённома тузишга топшириқ берди

Тошкент шаҳар ИИББнинг маълум қилишича, профилактика инспектори олдида ҳуқуқбузарликларни аниқлаш ва олдини олиш, қоидабузарларга нисбатан қонуний чора кўриш вазифаси туради. Майда безорилик, маиший жанжаллар каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган аҳоли орасидаги профилактик ишлар мунтазам равишда олиб борилиши зарур, шунингдек кучли таъсир қилувчи ва психотроп препаратлар, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ жиноятларга қарши ўз вақтида чора кўриш зарур. Бу каби ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар аниқланган тақдирда профилактика инспектори қонуний чора кўриши, қонунбузарлик фактини яширмасдан, ҳолатни қонуний расмийлаштириши зарур.

«Натижа» сўзидан мурод – профилактика инспекторларининг иш сифатидир. Бунинг кўрсаткичи эса аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигининг ошиши, жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сонининг пасайишида ифода топиб, кўрилган чораларнинг самарасидан дарак беради.

Режага тўхталсак. «Режа» сўзини расмийлаштирилган баённомалар сони деб тушуниш нотўғридир. Ҳар қандай фаолиятда иш режаси зарур бўлади. Профилактика инспекторларининг иш режаси деганда аҳоли билан, фуқароларнинг алоҳида тоифаси билан ишлаш режаси назарда тутилиб, мазкур режа ишониб топширилган маҳалла ҳудудидаги криминоген ҳолатдан келиб чиққан ҳолда мувофиқлаштирилади”, - дейилади маълумотда.

Шахсий таркибга вазифаларнинг нотўғри етказилиши муносабати билан, раҳбар бўлмаган ва шахсий таркиб олдига вазифа қўйиш ваколатига эга бўлмаган Олмазор тумани ИИО ФМБ ходимига нисбатан хизмат текшируви белгиланди" - дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, овозли хабарда Холов Олмазор тумани фуқароларга нисбатан маъмурий баённома тузишда жуда кам кўрсаткичга эгалиги, натижада бу юқори турувчи раҳбарларни қаноатлантирмаётгани, туман раҳбарлари шаҳар миқёсида ўтказилаётган йиғилишда бунинг учун қаттиқ гап эшитишаётганини таъкидлаган.

Подполковник ушбу камчиликни зудлик билан бартараф этиш учун бугундан бошлаб ҳар бир профилактика инспектори фуқароларга нисбатан турли моддалар бўйича 5тадан маъмурий баённома тузиш бўйича топшириқ берган.