Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Пойтахтлар нега кўчирилади?
10.04.2016 20:05,  
446

Одатда мамлакат ишғол қилинганида ёки салтанат парчаланганида пойтахт шаҳар ҳам ўзгарган. Айниқса ўтган аср бошларига келиб кўпгина давлатларда пойтахтлар ўзгара бошладики, тез орада бу сиёсий амалиёт одатий тус олди. Хўш, нега шундай бўлди? Нима учун каттагина маблағ сарфлаган ҳолда давлат органларини янги жойга кўчиришга зарурат туғилди? Янги шаҳарни танлаш орқали пойтахтнинг барча муаммоларини ҳал қилиш мумкинми? Пойтахтини ўзгартирган давлатлар кўзлаган мақсадларининг барига эриша олганми? Келинг, ана шу саволларга жавоб қидириб кўрамиз.

Пойтахтнинг кўчирилишига бир неча сабаблардан келиб чиққан ҳолда қарор қилинган. Уларнинг асосийларини қуйида санаб ўтамиз.

1. ҲАРБИЙ ВА ХАЛҚАРО ВАЗИЯТ

Айрим мамлакатлар юзаган келган ҳарбий вазият туфайли пойтахтларини вақтинчалик ёки бутунлай бошқа шаҳарга кўчиришга мадбур бўлган. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши пайтида маршал Анри Филипп Петен Франция пойтахтини Вишига кўчирди, чунки Париж фашистлар томонидан эгаллаб олинган эди. Тарихда давлатнинг урушлар ёки ички низолар туфайли парчаланиши оқибатида янги пойтахтлар пайдо бўлгани кўп кузатиган. Масалан, совуқ уруш маҳалида Сайгон Жанубий Вьетнамнинг, Адан Жанубий Яманнинг, Бонн эса Шарқий Германиянинг пойтахтига айланди. Аммо вақт ўтиши билан бу шаҳарлар пойтахт мақомидан айрилди.

2. СИЁСАТ

Америка

Вашингтон икки юз йилдан ортиқ вақтдан бери Америка сиёсий ҳокимияти жойлашган шаҳар сифатидан маълум. Аммо ундан олдин пойтахт мақоми Пенсильвания штатидаги Филадельфияга шаҳрига тегишли эди. 1783 йилда бир гуруҳ аскарлар Мустақиллик зали олдида тўпланиб, мустақиллик учун урушда қатнашганлари учун тўлов талаб қилишди. Шунда Конгресс қатнашчилари Пенсильвания штати губернатори Жон Диксондан миллий парламент хавфсизлигини таъминлаш ва унинг ҳимояси учун кўнгиллилар тўплашни сўради. Аммо губернатор исёнларни бостиришдан бўйин товлади. 21 июнда Конгресс Нью-Жерси штатининг Принстон шаҳрига “қочишига” тўғри келди. Мазкур воқеадан кейин, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ Конституциясида Конгрессга федерал ҳукумат фаолият кўрсатадиган жой танлаш ҳуқуқи берилди. Пойтахт сифатида Мэриленд ва Виржиния штатлари чегарасидаги, Потомак дарё соҳилидаги жой танланди. 1791 йилда янги пойтахтга АҚШнинг биринчи президенти Жорж Вашингтон шарафига Вашингтон номи берилди. Ниҳоят, 1800 йилда АҚШ пойтахти Филадельфиядан Вашингтонгга расман кўчирилди.   

Япония

794 йилдан эътиборан Япониянинг пойтахти Киото эди, аммо кейинчалик шаҳар бу мақомдан маҳрум бўлди. Тарихдан маълумки, 1192 йилда Японияда сёгун унвони таъсис этилган ва сёгунга давлат бошқаруви топширилган. XIX аср ўрталарида АҚШ, сўнг Голландия, Буюк Британия, Франция ва ҳатто Россия ҳам ўзлари учун фойдали бўлган савдо битимларини имзолашга сёгунларини мажбур қилишган. Натижада халқ орасида норозиликлар кучайиб борди, одамлар императорнинг мамлакат ҳаётига тўғридан-тўғри аралашуви орқали мамлакатдаги иқтисодий ва сиёсий вазият яхшиланишини истар эди. Охир-оқибат 1868 йилда император Мэйдзи тарафдорлари сёгун Токугава Ёсинобу кучлари устидан ғалаба қозонди ва бир неча ўн йил ичида қолоқ Япония ривожланган давлатга айланди.

Сёгун устидан ғалаба қозонилгач, император Мэйдзи пойтахтни Киотодан мамлакатнинг йирик шаҳарларидан бири – Эдога кўчирди. Ҳукмдор пойтахт номини Токио – “шарқий пойтахт” деб ўзгартирди. Токиода бир неча бор кучли зилзилалар юз берган бўлса-да, меҳнаткаш японлар ҳар сафар шаҳарни обод қилишни уддалашди. Бугунга келиб Токио дунёнинг энг йирик ва энг қиммат шаҳарларидан бири ҳисобланади.

Ҳиндистон

Ҳиндистон пойтахти Нью-Деҳли 1910-1920 йилларда инглизлар томонидан, бир пайтлар бобурийлар пойтахти бўлган Деҳли яқинида барпо этилган. Дарвоқе, Деҳли номи форсча “даҳлиз” сўзидан олинган.

1757 йилдан то 1911 йилгача Калькутта шаҳри Ҳиндистоннинг пойтахти эди. Аммо мустамлакачи инглизлар мамлакатни бошқариш осон бўлишини кўзлаб, пойтахтни кўчиришга қарор қилишади. Янги пойтахт қурилиши Биринчи жаҳон уруши туфайли 1931 йилгача чўзилиб кетди.

Австралия

Сидней ва Мельбрун ҳозиргача Австралиянинг йирик шаҳарларидан ҳисобланади. ХХ аср бошларида Сидней Мельбруннинг пойтахт мақомига кўз тика бошлади. Охир-оқибат икки рақобатчи шаҳар келишиб, мамлакат учун янги пойтахт барпо этишга қарор қилинди. Пойтахт Канберра номи Австралиядаги маҳаллий тиллардан биридан олинган бўлиб, “учрашув жойи” деган маънони билдиради. Янги шаҳар қурилиши қарийб йигирма йил давом этди ва 1927 йилда Канберра расман Австралиянинг пойтахтига айланди.

3. ИҚТИСОДИЙ ВА ИЖТИМОИЙ СОҲА

Бразилия

Уммон соҳилида жойлашгани учун мудом ҳарбий таҳдид остида бўлган Рио-де-Жанейро пойтахт мақомини 1960 йилда Бразилиага топширди. Пойтахтни кўчиришдан мақсад соҳил бўйида тобора ўсиб бораётган аҳоли сонини камайтириш эди. Бразилиянинг ўша пайтдаги президенти Жуселину Кубекчик ярим асрга мўлжалланган қурилишни беш йил ичида битирганини айтган эди. Бразилиани лойиҳалаштириш ва қуришда мамлакатнинг машҳур меъмори Оскар Нимейер катта роль ўйнаган.

Бразилия пойтахтини кўчириш мамлакатни саноати ривожланган давлатга айлантириш лойиҳасининг бир қисми эди. Янги пойтахт қурилишига қарийб икки триллион доллар сарфланди ва бу ҳукуматни бирмунча қийнаб қўйди. Янги пойтахтда одамлар табақаларга ажратилмаслиги, кўчаларда картон қутилар устида ухлайдиганлар бўлмаслиги режалаштирилган эди. Аммо камбағаллар мавзелари шаҳар қурилиши тугамасиданоқ пайдо бўлди.

Ҳозир Бразилиа Бразилиянинг тўртинчи йирик шаҳри ҳисобланади.

Покистон

Исломобод 1974 йилда Карачининг ўрнига Покистон пойтахти деб эълон қилинди. Пойтахтни кўчириш ғояси ўша пайтдаги президент Муҳаммад Аюб Хонга тегишли бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад мамлакат жануби, айниқса Карачида аҳоли зичлигини камайтириш эди. Қолаверса, Ҳиндистон билан абадий ихтилоф ҳам эътиборга олинган: янги пойтахт Карачи сингари денгиз бўйича жойлашмаган, демакки, денгиздан ҳужумга учраш эҳтимоли йўқ. Устига-устак, Ҳиндистон яқинда ўзига янги пойтахт қурган бўлиб, покистонликлар шарқий қўшнидан орқада қолишни исташмади.   

Нигерия

Мамлакатнинг марказий қисмида жойлашгани, транспорт инфратузилмаси ва иқлими яхшилиги, аҳолиси кўп эмаслиги ва кейинчалик ҳудудини кенгайтириш имконияти мавжудлиги эътиборга олиниб, 1991 йилда Нигерия пойтахти Абужага кўчирилди. Аввалги пойтахт Лагосда аҳоли кўпайишини назорат қилишнинг имкони бўлмай қолган эди. Пойтахни кўчиришни 1975 йилда президент Муртал Муҳаммад таклиф қилганди. Абужада қурилиш ишлари якунига етгач, президент Иброҳим Бабангида бутун давлат аппаратини кўчириб келди. Парламент, Олий суд, ҳокимият ва бошқа давлат муассасалари шаҳар марказида, турар жой мавзелари, дўконлар, университет ва аэропорт шаҳар четида барпо этилган.

Малайзия

Куала-Лумпур ҳозир ҳам Малайзиянинг пойтахти ҳисобланади. Аммо аҳоли ва машиналарнинг кўпайиб кетгани туфайли 2002 йилда давлат муассасалари, бош вазир маъмурияти ва суд инстанциялари пойтахт четидаги Путражаяга кўчирилди. Бундан мақсад шаҳарни бошқаришни, фуқароларнинг давлат муассасалари ва судларга мурожаат қилишини осонлаштириш эди. Мамлакат парламенти эса ўз йиғилишларини ҳали ҳам Куала-Лумпурда ўтказади.

Путражаяга 1995 йилнинг октябрида асос солинган ва у мамлакатнинг илк бош вазири – келиб чиқиши шаҳзода бўлган Абдул Раҳмон шарафига ана шундай номланган. “Путра” – шаҳзода, “жая” эса шонли деган маънони билдиради.

4. ЭКОЛОГИЯ

Белиз (Британия Гондураси)

1961 йилда Хати довули Британия Гондураси пойтахти Белиз шаҳрига жуда катта зарар етказди. Табиий офат натижасида кўплаб давлат ҳужжатлари йўқ бўлди. 1970 йилда пойтахтни мамлакатнинг марказий қисмида жойлашган Бельмопан шаҳрига кўчиришга қарор қилинди. 1973 йилда Марказий Америкадаги ушбу кичкинагина давлатнинг номи Британия Гондурасидан Белизга ўзгартирилди, 1981 йилда эса мустақилликка эришди.

Қозоғистон

Қозоғистоннинг пойтахти 1997 йилда Оқмўлага кўчирилди. Аввалги пойтахт Алматидан фарқли равишда янги пойтахт ҳудудини кенгайтириш имконияти мавжуд, қолаверса, бу ерда зилзила камроқ рўй беради. Пойтахтга янги – Остона номи берилди. Пойтахтнинг кўчирилиши мамлакатнинг шимолий ҳудудларининг иқтисодий ривожланашига кўмаклашди. Айтиш керакки, Остонанинг қиши анчайин совуқ, шаҳар Осиёдаги энг шимолий пойтахт ҳисобланади.

ПОЙТАХТНИ КЎЧИРИШ РЕЖАЛАРИ

Ҳозирда ҳам баъзи давлатлар пойтахтни бошқа жойга кўчириш ҳақида ўйлаб турибди. Масалан, Индонезияда ана шундай фикр йўқ эмас, аммо ҳозирча қарийб 10 миллион аҳолига эга Жакарта пойтахт вазифасини ўтамоқда.

Бангкок эса кўп йиллардан бери сув тошқинларидан қийналиб келади. Табиий офат корхоналарга катта зарар етказмоқда, айнан шу туфайли мамлакат иқтисодиётига хорижий инвестициялар камайди. Мутахассислар яна бир неча ўн йилдан кейин иқлим ўзгаришлари ва дунё океани сатҳининг кўтарилиши натижасида Бангкокнинг асосий қисми сув остида қолишини айтмоқда. Шундай экан, Тайланд ҳукуматининг 230 йиллик пойтахтни кўчиришдан бошқа чораси йўқ, бироқ сиёсий раҳбарлар бу борада бир тўхтамга кела олмаяпти.

Жанубий Судан 2011 йилда мустақиллика эришгач, пойтахтни Жубадан Рамшилга кўчирмоқчи эди. Аммо ҳукумат қўшни Судан билан ихтилофлар, ички низолар ва иқтисодий муаммолардан ортаётгани йўқ.

Шунингдек, пойтахтни кўчириш ҳақидаги гап-сўзлар Аргентина ва Эронда ҳам янграмоқда. 

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан