Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Президент қаерда зарурат бўлса, карантин чораларини юмшатиш лозимлигини айтди
14.07.2020 19:15,  
511

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган видеоселектор йиғилиши аввалида бугун мамлакатимизда эпидемиологик вазиятга яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтилди.

COVID-19 пандемиясини жиловлаш йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида гапирар экан, давлат раҳбари, жумладан, шундай деди:

"Яна бир муҳим масала – вилоят, шаҳар ва туманларда маҳаллий кенгашлар, жойлардаги ҳокимлик ва бошқарув идоралари ўз ҳудудидаги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, Республика комиссияси билан келишилган ҳолда карантин қоидаларини қаерда зарур бўлса кучайтириши, қаерда зарур бўлса юмшатиши лозим.

Барча эҳтиёт чораларини кўрган ҳолда, имконият мавжуд бўлган ҳамма жойда ишлаб чиқариш корхоналарини ишга солишимиз, меҳнат унумдорлигини оширишимиз керак.

Масалан, қишлоқ жойларда аҳоли шаҳардагидек тиғиз эмас. Касаллик тарқамаган ҳудудларимиз ҳам кўп.

Бу ерларда ҳозирги пайтда ҳамма далада иш билан банд, одамларнинг қўли-қўлига тегмайди.

Бундай туманларда қишлоқ меҳнаткашларининг бемалол ишлаши, маҳсулотини харидорларга етказиб бериши учун барча шароитни яратишимиз керак. Чунки ёзнинг бир куни қишнинг ўн кунини боқади.

Ҳеч кимга сир эмас, бу йилдан бошлаб озиқ-овқат масаласи дунё миқёсида ҳал қилувчи ўринга чиқади.

Чунки коронавирусни енгиш ҳам, халқ фаровонлигини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш ҳам аввало шунга боғлиқ.

Шунинг учун бизда доимо уч ойлик озиқ-овқат захираси шай туриши керак.

Фурсатдан фойдаланиб, бугун далаларда фидокорона меҳнат қилаётган миришкор фермер ва деҳқонларимизга, соҳибкор боғбонларимизга, барча юртдошларимизга чуқур миннатдорчилик билдириб, уларга куч-ғайрат, мўл ҳосил тилаймиз.

Шу билан бирга, вазиятдан келиб чиқиб, керак жойларда карантин талабларига тўла итоат этишимиз зарур.

Ҳаммамиз оиламиз, фарзандларимиз, муҳтарам нуронийларимизнинг соғлиги учун яна озгина чидашимиз, карантин қоидаларига қатъий амал қилишимиз шарт.

Озгина чидасак, бу кунлар ҳадемай ўтиб кетади.

«Сабр қилган муродга етар», дейди халқимиз.

Ишончим комил, ҳар бир ишни етти марта ўйлаб, чидам ва матонат билан амалга ошириб келган эл-юртимиз бугунги синовлардан муносиб ўтиб, ўзининг эзгу мақсадларига албатта етади" - деди Шавкат Мирзиёев.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан