Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Пул, пул дея фарзандингизни ҳаётдан совутманг!
8.10.2022 12:41,  
91

Мана масалан, мен. Қанча ҳаракат қилмай, бошқаларга ёрдам беролмаяпман. Ёшлигимдан бери энг содда уй ишларини ҳам эплаб қилолмайман. Яқинда мактабни тамомлайман. Ҳали бирор касб у ёқда турсин, бирор ҳунарнинг ҳам этагини тутганим йўқ. Уйдагилар жаврашдан бошқа нарсани билишмайди. Масалан, дадам: “Сен қанақа боласан ўзи-а? Бола дегани шунақа бўладими? Ҳали бирон касбинг, ҳунаринг ҳам йўқ, уй ишларида-ку, умуман. Қачон одам бўласан?” - деб уришади. Менам бу гапларни эшитиб, баттар эзиламан. Умидим йўқолади.

Бугун нима ҳунар кўрсатаркинман? Дадам касал бўлиб ётибди. Машинаси бузуқ, ўхшатиш керак. Дадам соғ бўлганда тузатарди. Ё ўзим тузатиб кўрсаммикан? Мана шу гап юрагимга аллақандай фахрли эшитилиб кетди. Мен тузатсам-а? Агар тузатсам, ҳамма мени ландавур эмаслигимга ишонишади. Айниқса, ота-онам, шунда уларнинг оғзидан илк бор қулоғимга ёқадиган ширин гаплар эшитаман. Хурсанд бўлиб кетдим. Дарров машинани тузатишга тушдим. Бошида сал чўчидим. Кейин ишга шўнғидим. Балки, бу ишим келажак ҳунаримга айланар?

Ниҳоят, машинани ҳайдаб кўришга киришдим. Ишонгим келмайди, машина юряпти, наҳотки, мен ҳам фойдали иш қилган бўлсам? Тушимми ё ўнгимми?

  Умримда биринчи маротаба ўз қилган ишимдан хурсанд бўлдим. Бахт деганлари шу бўлса керак…  Афсус, бу бахт узоққа чўзилмади. Негадир тормоз ишламай қолди. Бояги бахтдан асар ҳам қолмади. Хаёлимда ўзимни шунчалик айблаб, камситиб боряпман, йўқ, кетяпман бутунлайга, нариги дунёга кетяпман. Машина шиддат билан мени ўша томон элтяпти. Балки, ҳеч кимга фойдам тегмаганига Худо менинг жазойимни бераётгандир.

  Ишқилиб, нариги дунёга шериксиз кетай. Мен ҳеч кимни ёрдамга  чақиргим келмаяпти. Уяламан. Яна ўша ҳолатда ота-онам кўзига кўринишдан уяламан. Машина юра бошлагани сари қилган ишларим кўз-ўнгимдан ўта бошлади. Мен яшашга арзийдиган иш қилмадим. Демак, ўлишим керак! Йўл четида бир дарахт бор экан. Ўша томон рулни бурдим. Қаёқдандир бир ит билан бир одам пайдо бўлиб қолди.  Машина бир нимага урилиб бирдан тўхтади. Қаттиқ қўрқувдаман. Ишқилиб ит бўлсин-да, одам урган бўлмай! Машинадан тушиб қарасам, хайрият, итни уриб юборибман. Қўрқувим йўқолди. Бу одам нега ерда ётибди?

  Даҳшат, одам ҳам уриб юбордимми ҳали? Ёмон одамман, тирикдир? Юраги уряпти-ку, демак умид бор. Ҳеч бўлмаса бир яхшилик қилай. Уйга олиб бордим. Уйдагиларга қандай айтишни билмай, охири ёрилдим. Бундай ҳолатимни кўриб, ойим айтмасимданоқ сезди: “Яна қанақа палакат қилдинг, касофат?!”-деди ташвишланиб.

Охири уриб юборган одамим кўзини очди.

- Энди нима қиламиз-а, палакат бола, даданг ўзи касал бўлса, буни кўриб, баттар мазаси қочиб қолади-ку, қаматиб юборса нима қиламиз, нега палакат қўлингни машинага тиқасан - деб ойим юрагимни бадтар эзардилар.

 Мен бу ишим ҳақида ўйласам, бадтар қийналаман. Нима учун доим шундай? Ўз жонимга қасд қилиб, барчасига нуқта қўймоқчи эдим. Аммо, бўлмади. Бу одамда нима айб? Нега бунақа ландавурман-а? Бари бир қамалиб кетсам керак. Мен бунга розиман. Қилган қилмишларим учун бари бир жавоб беришим керак. Энди менда келажакка на ишонч бор, на умид. Мен барчасини шундай тасаввур қилдим: қамоқ дарчасидан қуёшга қараб боқишимни, ўзимни бахтсиз ҳис қилишимни...

  Қуёш узоқда эмас экан. Ўша мен уриб юборган одам менга қуёш бўлди. Келажакка умид уйғотди. Йўқ, у мени қаматиб юбормади. Бошқаларга ўхшаб минғир-минғир гап қилмади. Ҳатто, уйдагилар мен ҳақимда барчасини айтиб беришган бўлса ҳам. Йўқ, у бошқаларга сира ўхшамади. Юзларида нур, меҳр бор.

– Ўғлим, дадангга ёрдам бериб, машинани тузатибсан-да, баракалла, лекин, кичик хатога йўл қўйибсан, - деди у. – Хато ҳаммада ҳам бўлади. Энг муҳими, сен яхшилик қилмоқчи бўлгансан. Демак, сендан ҳам бир кун келиб, одамларга фойдаси тегадиган одам чиқади. Яхшилик йўлида қилинган хатолик, албатта, кечирилади. Ўша пайт мени ташлаб кетишинг мумкин эди, лекин, сен бундай қилмадинг. Ўз хатонгни тузатдинг. Сенинг хатойинг қилган ишларингдаги хатосиз жойларига эмас, хатоли жойларига ишониб, умидингни сўндирганинг.

  Негадир бу одам менга ёқиб қолди. Ўзим билан фахрланиб кетдим. Шунақа содда тушунтирса ҳам бўларкан-ку. 

Қизиқ, хатоларимни энди англаб етяпман-а, бошқалар ҳам хато қилишган. Демак, мен ландавур эмасман!

– Хоҳласанг, иш бор, ўзим новвойман. Менга шогирд бўласан, - деб ҳалиги киши менга кулиб қўйди. Хурсандлигимдан дарров рози бўлдим. Шу пайт кўз ўнгимда қамоқ дарчалари очилиб, қуёш мен томон яқинлашаётгандай туюлиб кетди. Энди шогирдларим хато қилишса, “Хатони ҳамма ҳам қилади, хатодан эмас, хатосизликдан илҳомланиш керак”, - деб айтаман.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан