Қўшма корхона газ қазиб олишга 700 млн доллардан ортиқ сармоя киритади

Қўшма корхона газ қазиб олишга 700 млн доллардан ортиқ сармоя киритади

«Ўзбекнефтгаз» ва Gas Project Development Central Asia компаниялари томонидан ташкил этилган Natural Gas-Stream қўшма корхонаси Ўзбекистон шимоли-шарқида газ қазиб олишга 700 млн доллардан зиёд миқдорда сармоя киритади. 17 июнь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси тегишли қарорни қабул қилди.

Лойиҳада Сечанкўл, Оқжар ва Чимбой инвестиция блокларида геология-қидирув ишларини олиб бориш ҳамда Урга, Оқчалоқ ва Чандир гурухи конларини ўзлаштириш кўзда тутилган.

Лойиҳанинг техник-иқтисодий асосларига кўра, киритилаётган сармоя ҳажми 701,4 млн долларини ташкил этиб, унинг 243,4 млн доллар ҚК шахсий маблағлари, 458 млн доллари эса чет эл инвестицияларидан иборат.

Қазиб олиш бўйича лойиҳавий қуввати 1,633 млрд куб метр табиий газ, 94,5 минг тонна газ конденсати, 80 минг тоннага яқин ёнилғини (бензин, керосин, суюлтирилган газ) ташкил этади. Қазиб олинаётган барча газ экспорт қилинади.

Natural Gas-Stream ҚК 2016 йилда Устюрт ҳудудида геологик разведка ишларини ўтказиш ва газ қонларини ўзлаштириш учун ташкил этилган. Ўзбекистон томонидан «Ўзбекнефтгаз"дан ташқари, «Муборакнефтгаз» ва «Устюртгаз», хориждан эса «Газпром» тузилмаларидан ташқари, Кипрда рўйхатга олинган Altmax Holding компанияси таъсисчи ҳисобланади. Компаниялар улуши тўғрисида маълумот берилмади.