Қозоғистонлик Маъмуржон домла «диний адоват қўзғаш айби» билан ҳибсга олинди (видео)

Қозоғистонлик Маъмуржон домла «диний адоват қўзғаш айби» билан ҳибсга олинди (видео)

Имом-ноиб сифатида қилган маърузалар ва дарслари билан ўзбекзабон интернетда машҳур бўлган Қозоғистоннинг Сайрам туманидан Маъмуржон Хайтметов 17 июнь куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси (МХҚ) томонидан ҳибсга олинди.

Би-би-си манбасининг хабар беришича, Хайтметовга бундан 6 йил олдин насронийлар дини ҳақида қилган маърузаси бўйича, «диний адоват қўзғаш» айби қўйилмоқда.

"Бизга маълум бўлишича, интернетда оммалашиб кетган Маъмуржон домла ўтган чоршанба куни Сайрамдаги МХҚ идорасига чақиртирилган. Машинаси билан идорага кетаётган вақтда, уни йўлда ниқобли МХҚ ходимлари тўхтатиб, омманинг кўз олдида ушлаб олиб кетган.

Домлани қўлга олиш жараёни ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва суратларда акс этган"- дейилади хабарда.

 

44 ёшли Маъмуржон домла Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 174-моддаси 2-банди билан тергов қилинмоқда.

Ушбу модда ижтимоий, миллий, уруғга оид, ирқий, табақавий ёки диний адоват қўзғаш жинояти ҳақида.

2014 йилда Сайрам туманидаги «Жалол ота» масжидида ўтган дарси бўйича Маъмуржон Хайтметовга «ўз хизмат мансабидан фойдаланган ҳолда фуқароларнинг миллий шаънини таҳқирлаб, диний адоват қўзғаш» айби қўйилмоқда.Ушбу модда бўйича айбланган шахс 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Хайтметовни яқиндан танийдиганлардан бирининг Би-би-сига айтишича, унга қўйилаётган айбловларда асос йўқ.

“Диний адоват қўзғади, деб ҳеч ким ариза ёзмаган. 6 йил олдинги маъруза учун энди иш очилишини КНБ (Миллий хавфсизлик қўмитаси)даги кимлардир «катта идеологик даъватчини ушладик» деб шов-шув қилиш, юлдузча олиш ёки тепага кўтарилиш учун қилган ташаббуси деб ўйлаяпмиз”, дейди у.

Би-би-си манбасининг айтишича, Маъмуржон домла ҳибсга олиниши арафасида Манкент қишлоғи ва атрофдаги қишлоқларда яшаган яна 3-4 ёш йигит қўлга олинган.

Миллий хавфсизлик қўмитаси томонидан тасвирга туширилган уларни қўлга олиш жараёни акс этган видео ҳам ижтимоий тармоқларга сиздирилган.

«Бу ёшларга диний адоват қўзғашдан ташқари, терроризм билан боғлиқ видео материаллар тарқатган деган айб ҳам қўйган. Бизнинг тушунишимизча ушбу болаларни Маъмуржон домланинг видеоларидан таъсирланган, деган маъно билан боғлашмоқчи, шекилли», дейди Би-би-си манбаси.

Маъмуржон домлани яқиндан таниган ва дарсларида иштирок этган бошқа мусулмонлар ҳам гувоҳ сифатида сўроққа чақирилмоқда.

Яқинлари Маъмуржон Хайтметовни ҳимоя қилиш учун адвокат ёллаган. Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари Хайтметовни яқинларидан тергов вақтида идора атрофида тўпламасликни сўраган.

«Домла ҳозир Сайрамдаги қамоқхонада сақланмоқда. Тергов учун КНБ идорасига олиб келиняпти. Адвокати кўришиб турибди. Турмуш ўртоғи ва ота-онасига ҳам кўрсатишибди», дейди унинг яқинларидан бири.

Шунингдек, домла маърузаларни диний идора тасдиғидан ўтказиб қилгани айтилмоқда.

1976 йилда туғилган ва Маъмуржон домла номи билан машҳур бўлиб кетган «Жалол ота» масжиди собиқ имом-ноиби Хайтметов Мадина Ислом Университетида таҳсил олган.

Унинг маърузалари ижтимоий тармоқларда 100 минглаб марта кўрилган.

Маърузаларни ўрни келганда бироз мутойиба билан олиб борган Хайтметовни таниганлар уни яхши сифатлар билан эсламоқда.

Ҳозирча Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Қозоғистон Мусулмонлар диний бошқармаси бу борада изоҳ бермади.