АҚШ Миллий илм-фан фонди (National Science Foundation – NSF) Қуёш сиртининг кузатувлар тарихидаги энг аниқ суратларини нашр қилди.
Тарихдаги энг тиниқ суратлар Ҳавайи оролларида ўрнатилган Daniel K. Inouye Solar Telescope (DKIST) телескопи ёрдамида олинган. Фонд чиқарган ҳисоботга кўра, янги суратлар ёрдамида олимлар ушбу юлдуз тузилишини, ундаги фаолликларни аниқроқ ўрганиши мумкин бўлади. (Маълумки, Қуёш Ер каби сайёра эмас, юлдуз ҳисобланади.) Айтилишича, Қуёшдаги фаоллик сунъий йўлдош алоқаларига, GPS тизимига таъсир қилиши ва Ер юзида электр энергияси ўчиб қолишига олиб келиши мумкин.
Олимлар Ҳавайидаги телескоп ёрдамида Қуёш тожининг яққол суратини олиш ниятида. Ушбу қурилма кўзгусининг диаметри тўрт метр бўлиб, фазовий жисмлар сатҳининг харитасини юқори аниқликда тузишга имкон беради. Авваллари Қуёш сатҳини ўрганиш учун тадқиқотчилар унинг тўлиқ тутилишини кутишига тўғри келарди.
2019 йил декабрида НАСА олимлари Қуёш сиртида илгари номаълум бўлган магнит нурланишини пайқаб қолишди. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, магнит туташуви ёрдамида юлдузлардаги ортиқча иссиқлик чиқиб кетади.
Шу йил январ ойи бошида Москва планетарийси Қуёшнинг Ерга максимал яқинлашганини қайд этди. Бундай вазиятда осмон жисмлари телескопда одатдагидан уч фоизга каттароқ кўринади. Айнан шу сабабли Қуёш сиртини аниқроқ суратга туширишга муваффақ бўлинди. Июл ойида сайёрамиз Қуёшданг энг узоқда бўлади, ўша вақтда орадаги масофа 152 миллион километрни ташкил этади.
Қуёш юзасидан шу вақтгача олинган энг тиниқ расмларни кўриш учун АҚШ Миллий илм-фан фонди ёки АҚШ Миллий Қуёш расадхонаси саҳифасига ўтинг.