Саакашвили Грузиянинг "ўтиш даври" бош вазири бўлишга рози бўлди

Саакашвили Грузиянинг

Фото: Yandex

Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили мухолифат партия парламент сайловларида ғалаба қозонса, Грузия ҳукуматини бошқаришга рози бўлди. У Грузияда барқарорлаштириш даври учун "ўтиш даври" бош вазири бўлишга тайёрлигини эълон қилди. Кеча, 7 сентябр куни "Бирлашган миллий ҳаракат" партияси ва у билан иттифоқдаги бошқа мухолифат партиялар жаноб Саакашвилини Бош вазир лавозимига кўрсатдилар.

31 октябр куни Грузияда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Аралаш тизим орқали 150 депутат парламентга сайланади.

“Табиийки, мен Грузия халқига инқироздан чиқишида ёрдам беришни хоҳлайман. Шунинг учун мен ўтиш даври бош вазири бўлишга рози эканлигимни эълон қилдим, тўлиқ муддатга эмас, балки барқарорлик даврига, Грузия ҳозир бўлган чуқур инқироздан чиқмагунимизча раҳбарлик қиламан”, - дея пост қолдирди сиёсатчи ўзининг Facebook саҳифасида. 

Эслатиб ўтамиз, Михаил Саакашвили ҳокимиятни суиистеъмол қилиш иши бўйича Грузияда сиртдан қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. Унинг ўзи унга қарши қўзғатилган ишларни сиёсий асосга эга, деб билади. Август ойида Грузия Адлия вазири Тея Цулукиани мамлакатнинг собиқ президенти мамлакатга қайтишга уриниши биланоқ чегарада ҳибсга олинишини айтди. Ҳозирда жаноб Саакашвили Украина фуқароси ҳамда Зеленский маъмуриятида Миллий ислоҳотлар кенгаши раҳбари лавозимида фаолият юритмоқда.