Серқирра мутахассис (ҳажвий ҳикоя)

Серқирра мутахассис (ҳажвий ҳикоя)

“… қирқ ҳунар оз” (Ўзбек халқ мақоли)

Стол ортида катта одам ва 2-3та аёллар ястаниб ўтиришибди. Олдинда ёшроқ йигитча.

- Бизнинг даргоҳда ишлаш осон, деб ўйлаяпсиз, шекилли?

- Йўқ, йўқ..

- Кўпчилик билан тил топишадиган, уддабурон бўлишингиз керак.

- Албатта.

- Биласизми, пахта қачон яганаланади, терилади?

- Биламан. Пахта даласида ўсганман.

- Хўш, белкуракни ишлатишни биласиз?

- Қайси йигит белкурак ишлатмаган дейсиз.

- Супургини-чи?

- Бу нимага керак?

- Супуриш учун, албатта. Миниб учмайсиз-ку.

- Қаерни?

- Кўчани! Хўш, биласизми?

- Албатта! Талабаликда супур-сидир ишларини бажарганман.

- Мен бекорга кўпчилик билан ишлаш тўғрисида эсламадим. Маҳалладан тўловларга пул йиғиш, турли рўйхатларни олиш ишларига қўл-оёғингиз чаққон бўлиши керак.

- Уддалайман. Котиблик иш бўптими.

- Маҳалла аёлларининг юриш-туришига кўз-қулоқ бўлиб туришга тўғри келади. бошдан оёқ, ҳўў, ҳалигидек, рўмолга бурканиб, жуда узун кийиниб юрганларни огоҳлантириб туриш зарур.

- А-а?...

- Жуда калта кийинганларни ҳам.

- И-и...Нега?

- Яқинда янги топшириқ бўлди. Аҳоли яшаш пунктларида турли оқимларга аралашган шахслар, чет элдаги жангариларга қўшилишни мақсад қилганларни тутиб келишга ҳам масъулмиз.

- Мен карате ва қўл жангига қатнаганман. Приёмларимни кўрсатиб берайми? Хий-я-а-а!! Гдиш-бдиш!!

- Етарли.

Шундай қилиб ёш ўқитувчи мактабга ишга қабул қилинди.

Шукуржон Исломов


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.