Азиз Несин. Дўстона алоқалар

Азиз Несин. Дўстона алоқалар

activerain.com

Тораканси давлати вазирлар кенгашининг мажлислар зали.

Торакансининг бош вазири, ташқи ишлар вазири, генштаб бошлиғи, дин ишлари вазири ва бошқалар бор.

Ташқи ишлар вазири:

- Ҳурматли, бош вазир жаноблари, докладимни тугатаётиб алоҳида таъкидлаб ўтмоқчи эдим: Хопантомол қироли мамлакатимизга қарши ғаламислигини давом эттирмоқда. Биздаги хабарларга кўра чегарамизга ёндош ҳудудларда қўшинлар тўпланмоқда. Шубҳа йўқки, Торакансининг азалий душмани Хопантомол қироли бизга нисбатан фитна уюштирмоқчи.

Бош вазир:

- Аҳ, ҳайвон! Биламан, у еримизга кўз олайтиряпти!

Ташқи ишлар вазири:

- Ҳақиқатан, кўз олайтиряпти.

Бош вазир:

- Еримизга тикилган кўзи кўр бўлсин.

Ташқи ишлар вазири:

- Кўр бўлсин.

Бош вазир:

- Қандай чоралар кўриляпти? Бу ҳақда генштабимиз бошлиғи нима дейди?

Генштаб бошлиғи:

- Биз чегараларимизни мустаҳкамлаш чораларини кўряпмиз.

Бош вазир:

- Яхши. Хўш, яна?

Генштаб бошлиғи:

- Марказдаги қўшинларни чегарага ташладик.

Бош вазир:

- Яхши. Яна-чи?

Генштаб бошлиғи:

- Ҳарбий хизматга чақирилиш ёшини иккитага оширдик.

Бош вазир:

- Яхши. Қандай сиёсий чоралар қабул қилинди?

Ташқи ишлар вазири:

- Ҳурматли, бош вазир, рухсатингиз билан гапирсам. Биз олий даражадаги чора тадбирни ўйламоқдамиз. Хопантомол қироли...

Бош вазир:

- Ер ютсин уни!..

Дин ишлари вазири:

- Худо хоҳласа, ер ютади, омин!

Бош вазир:

- Яхши. Бу ярамасга қандай чора кўряпсизлар?

Ташқи ишлар вазири:

- Уч кундан сўнг Хопантомол қироли саксон тўрт ёшга киради.

Бош вазир:

- Ўлай демайди, аблаҳ. Ёмонга ўлим йўқ.

Ташқи ишлар вазири:

- Давлатлараро протокол қоидаларига мувофиқ биз унга табрик телеграммаси йўллашни режалаштиряпмиз. Бу ўз вақтида кўрилган тадбир бўлади. Таклифимни кўриб чиқиб фикр билдиришингизни сўрайман, ҳурматли бош вазир жаноблари.

Бош вазир:

- Жуда соз! Ўринли тадбир...

Ташқи ишлар вазири:

- Телеграмма матни тайёр, жаноб....(ўқийди) “ Хопантомол қироли Мадраган Тўртинчи Жаноби Олийларига. Таваллуд айёмингизга саксон тўрт йил тўлиши муносабати билан...”

Бош вазир:

- Дафн айёмингизга, деб аталганда эди..

Дин ишлари вазири:

- Ҳақиқатан ҳам...

Ташқи ишлар вазири ўқийди:

- “шахсан ўзимнинг, шунингдек, дўст ва қардош Тораканси давлатининг номидан ушбу қувончли кунда муборакбод этаман”.

Бош вазир:

- “чин дилдан” сўзини қўшинг. Яхшироқ чиқади.

Ташқи ишлар вазири ўқийди:

- “.. чин дилдан табриклайман, сиз жаноби олийларига ва Хопантомол халқига саломатлик тилайман”.

Бош вазир:

- “қардош Хопантомол халқига” деб ёзинг.

Ташқи ишлар вазири:

- Хўп, бўлади. (ўқийди) “...Қардош Хопантомол халқига абадий бахт тилайман. Ушбу кун муносабати билан Сизга бўлган юксак эҳтиромимни қабул қилгайсиз. Торакансининг бош вазири Фосика”.

Бош вазир:

- Жуда соз. Имловий хатолари йўқми?

Ташқи ишлар вазири:

- Жаноб, менинг ўғлим кўриб чиқиб хатолар йўқлигини айтди. У грамматика фанидан имтиҳонни аълога топширади.

Бош вазир:

- Нуқта-вергулларигача жойида?..

Ташқи ишлар вазири:

- Ҳаммаси жойида, хавотирланманг...

Бош вазир:

- Унда имзо қўйсам бўлади (қўл қўяди). Сизнингча, бу етарлими?

Ташқи ишлар вазири:

- Қирол Хопантомолни яксон қилиш учунми?..

Бош вазир:

- “Палидни!” - денг!

Ташқи ишлар вазири:

- Ҳа, палид қиролни яксон қилиш учун зарур тайёргарликни ўтказдик...

Бош вазир:

- Хурсандман, хурсандман.

*                         *                      *

Хопантомол давлатининг қироллик саройи зали. Қирол, ташқи ишлар вазири, ҳарбий вазир, дин ишлари вазири ва бошқалар.

Ташқи ишлар вазири:

- Олдинроқ сизга хабар берганимдек, Тораканси давлати ҳарбий салоҳиятини оширмоқда. Тораканси бош вазири душманларча сиёсат юргизаётгани тасдиқланди.

Хопантомол қироли:

- Аҳ, сотқин, келгинди, эшшак боласи!..

Дин ишлари вазири:

- Худди шундай, жаноб...

Қирол:

- Нима, “шундай”?

Дин ишлари вазири:

- Барчаси худди сиз айтганингиздек, жаноби олийлари!

Қирол:

- Қандай чоралар кўрилди?

Ташқи ишлар вазири:

- Рухсатингиз билан, жаноби олийлари. Биринчи навбатда биз Тораканси бош вазири сизнинг саксон тўрт ёшга тўлишингиз муносабати билан йўллаган табрик телеграммасига жавоб тайёрладик. Жаноблари ихтиёр этсалар, ўқиб бераман...

Қирол:

- Ўқинг!

Ташқи ишлар вазири:

- Хўп бўлади, жанобим...(ўқийди) “Торакансининг бош вазири Фосика жаноби олийларига. Менинг таваллуд куним муносабати билан Сиз йўллашни ихтиёр айлаган табрик мактубингиздан ғоят мутаассирдурман...”

Қирол:

- “Муҳтарам” сўзини қўшинг.

Ташқи ишлар вазири (ўқийди):

- “Биродарлигимиз давомли бўлишини ва тақдирларимиз муштараклигини чин қалбдан эътироф этаман”

Қирол:

- “Тарихий” сўзини қўшиш керак.

Ташқи ишлар вазири (ўқийди):

- “...тарихий биродарлигимиз ва мамлакатларимиз тақдири муштараклиги...”

Қирол:

- Яна қўшинг -“дўст мамлакатларимиз”

Ташқи ишлар вазири (ўқийди):

- "... дўст мамлакатларимиз, халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларимдан мамнунман ва қувончли фурсатдан фойдаланиб, сизга ва халқнинг асосий вакили - сизнинг сиймонгиздаги Тораканси халқига ўз миннатдорчилигимни билдириш шарафига муяссар бўлдим."

Қирол:

- “Чуқур, чуқур!” Қўшинг... Миннатдорлик ҳисси доимо чуқур бўлади!

Ташқи ишлар вазири:

- Хўп, бўлади, аълоҳазратлари. (Ўқийди) “... чуқур миннатдорчилигимни билдириш шарафига муяссар бўлдим. Хопантомол қироли Мадраган Тўртинчи”.

Қирол:

- Беринг-чи, қўл қўямиз. Бу ишимиз етарли, деб ҳисоблайсизми?

Ташқи ишлар вазири:

- Икки ҳафтадан кейин Тораканси озод қилинганлигининг йигирма йиллиги.

Қирол:

- Мутлақо озод бўлмаганда яхшийди.

Ташқи ишлар вазири:

- Шунинг муносабати билан табрикнома тайёрлаб қўйдик, жанобим.

Қирол:

- Жуда соз. Мактубда торакансилик бу аблаҳларнинг “тинч-тотувликка қўшган тенгсиз ҳиссаси”ва менинг “самимий” ҳисларим ҳақида гап борми?

Ташқи ишлар вазири:

- Албатта, жанобим...

Қирол:

- Фақат охирини ўқинг-чи!

Ташқи ишлар вазири (ўқийди):

- “Фосика Жаноби Олийлари. Қардош Тораканси озод қилинганлигига йигирма йил тўлиши муносабати билан менинг номимдан ва менга ишонган халқим номидан самимий туйғуларимизни қабул қилинг”.

Қирол:

- Бўлди, тузук... Агар бу Фосика қўлимга тушиб қолса, итваччани тириклай терисини шиламан!

Дин ишлари вазири:

- Аллохнинг инояти билан у сизнинг муборак қўлингизга тушади ва сиз ниятингизга етасиз, жанобим... Биз Аллоҳдан шуни тилаймиз...

Қирол:

- Жуда соз, жуда маъқул! Энди... Сиз ҳарбий вазир, нима тадорик кўрдингиз?

Ҳарбий вазир:

- Милтиқ ва замбараклар тозаланган ва мойланган, жанобим. Барча таътиллар бекор қилинган. Аскарлар саккиз ойдан бери тўла жанговар тайёргарликда биздан мужда кутмоқдалар, жанобим.

Қирол:

- Нима кутмоқдалар?

Ҳарбий вазир:

- Сизнинг амрингизни, онҳазратлари...

Қирол:

- Жуда соз!.. Кутиб туришсин.

*                         *                      *

Тораканси давлати вазирлар кенгашининг мажлис зали. Бош вазир, ташқи ишлар вазири, ички ишлар вазири, бош штаб бошлиғи ва бошқалар.

Бош вазир:

- Душманимиз ҳақида янги маълумотлар борми?

Бош штаб бошлиғи:

- Афсуски, ҳеч қандай қувончли гап йўқ. Хопантомол қироли учта ёшдагиларни мобилизация қилишга фармон чиқарибди.

Бош вазир:

- Уҳ, аблаҳ”.. Қўлимга тушиши биланоқ унинг қонини ичмасамми!

Дин ишлари вазири:

- Худди, шундай бўлади... Оми-и-ийн.

Бош вазир:

- Яхши, қанақа чора-тадбирлар кўрдиларингиз?

Бош штаб бошлиғи:

- Биз айрим ишларни амалга оширдик, шу жумладан...

Бош вазир:

- Мен ҳарбий чораларни сўрамаяпман, мутахассислар, албатта, барча зарур ишларни қилади. Мени сиёсий тадбирлар қизиқтиряпти.

Ташқи ишлар вазири:

- Бизнинг муносабатларимиз мутлақ дўстонадир. Сизга маълумки, ўтган ойда тўққизта биродарлик мактуби алмашдик.

Бош вазир:

- Жуда яхши.

Ташқи ишлар вазири:

- Биз Хопантомол қиролининг ўғлининг уйланиши муносабати билан табрикнома йўлладик ва бахт-саодат тиладик.

Бош вазир:

- Жуда яхши. Яна-чи?

Ташқи ишлар вазири:

- Хопантомол қиролининг тахтга ўтирган куни байрами муносабати билан табрикнома йўлладик.

Бош вазир:

- Яхши. Илоҳим, тахт қулаб бу қари кўппакнинг калласини мажақлаб қолсин.

Дин ишлари вазири:

- Оми-ийн...

Бош вазир:

- Яхши, бошқа қандай сиёсий чора-тадбирлар кўрмоқчисиз?

Ташқи ишлар вазири:

- Биз ўйлаяпмиз, жаноб бош вазир, аммо ҳозирча янги баҳона тополмадик.

Бош вазир:

- Топишингиз керак. Ташқи ишлар вазирлигининг бош вазифаси ҳар доим янги баҳона топиш.

Ташқи ишлар вазири:

- Бунга асло шубҳа йўқ, жаноб бош вазир. Ишонинг, вақти келгунича анчагина турли баҳоналар топилади.

Бош вазир:

- Душманларимиз қўл қовуштириб ўтиргани йўқ. Мана яқинда қайнонамнинг вафоти муносабати билан Хопантомол қироли ҳамдардлик мактуби юбориб, дўстлигини намоён қилди. Ифлос, ҳатто, менинг қайнонамдан ҳам ўз мақсадида фойдаланади-я, жин ургур!

Бош штаб бошлиғи:

- Улар ўша телеграммани юборган куни Хопантомолнинг учта самолёти ҳаво сарҳадларимизни бузди.

Ташқи ишлар вазири:

- Биз Хопантомол қиролига набира кўргани муносабати билан табрик телеграммасини юборган кунимиз эса улар айғоқчиларимизни бутун гуруҳи билан тутиб олишди.

Бош вазир:

- Қачон биз охирги марта Хопантомол қиролига дўстлик мактубини юбордик.

Ташқи ишлар вазири:

- Ҳали бир ҳафта бўлмади.

Бош вазир:

- Бунақаси кетмайди... Шунча вақт дўст-биродарликни изҳор этмаслик – номаъқул иш. Нега ташқи ишлар вазирлигимиз қўл қовуштириб ўтирибди? Баҳонаи сабаб топиб хат юбориш керак. Келинглар, ҳаммамиз бирга ўйлаймиз. Масалан, ҳеч бўлмаса...

Бош штаб бошлиғи (одимлаганча):

- Масалан, масалан, масалан...

Дин ишлари вазири (чаккасига бармоғини тираганча, ўйламоқда):

- Масалан, масалан, масалан...

Ташқи ишлар вазири (қўлларини бир-бирига урганча):

- Масалан, масалан, масалан...

Ҳамма бараварига:

- Масалан, масалан, ма-са-лан-ма-са-лан...

Бош вазир:

- Топдим! Хопантомол қироллиги билан савдо шартномаси имзоланганининг бир йиллиги муносабати билан...

Савдо вазири:

- Ҳали бир йил бўлмади, жаноб бош вазир, бор-йўғи саккиз ой ўтди...

Бош вазир:

- Аҳамияти йўқ... Савдо шартномаси имзолаганимизга саккиз ой тўлиши муносабати билан мактуб йўллаб дўст-биродарлик туйғуларимизни намоён қиламиз.

Бош штаб бошлиғи:

- Шу аснода танклар бригадасини чегарага ташлаш керак.

Бош вазир:

- Албатта, мактубни манзилга, танкларни чегарага йўллаймиз. Аҳ, агар Хопантомол қироли қўлимга тушса, бурда-бурда қилиб ташлар эдим. Яхши, аммо бунинг орқасидан яна бир мактуб юборишимиз зарур. Сабаб топинглар. Сабаб, сабаб, сабаб...

Ҳаммаси (одимлаганича):

- Сабаб, сабаб, са-баб-са-баб...

Ер ишлари вазири:

- Сабаб?.. Хопантомолда қурғоқчилик, анчадан бери ёмғир ёққани йўқ. Аммо ўтган ҳафта ёмғир ёққани ҳақида хабар олдик.

Бош вазир:

- Илоҳим, сувга чўкиб кетсин, бирорта одами соғ қолмасин ва бу қирчанғи подшосини ҳам сув ютсин.

Ер ишлари вазири:

- Барака ёмғири ёққани муносабати билан табрикнома юборамиз.

Бош вазир:

- Маъқул... Ёзинг: “Хопантомол қироли Мадраган Тўртинчи жаноби олийларига. Дўст ва қардош Хопонтомол қироллигининг қурғоқчиликдан азият чеккан заминига барака ёмғири ёғиши муносабати билан ҳазрати олийларига чексиз қувончимни изҳор қиламан. Шу боис дилимдаги ушбу...”

*                         *                      *

Хопантомол давлати қироллик саройи зали. Қирол, ташқи ишлар вазири, ер ишлари вазири, ҳарбий вазир ва бошқалар.

Ҳарбий вазир:

- Жаноби олийлари, аввалроқ сизга етказган маълумотларим тасдиғини топмоқда. Улар Торакансидаги жосусларимизнинг маълумоти билан мос келяпти. Торакансининг бош вазири маккорона режаларни хаёл қиляпти.

Қирол:

- Вой, вой, итдан тарқаган-ей!.. Бу ҳаромини тутиб олсам, сўз бераман уни..! Мени Хопантомол қироли Мадраган Тўртинчи деманглар, агар онажонининг кўз ёшини оқизмасам. Шундай қилиб, нима қилишни ўйладингиз?

Ҳарбий вазир:

- Жаноб.. жаноби олийлари. Энг яхши ҳимоя бу - ҳужум. Шунинг учун жаноб.. жаноби олийлари биз биринчи ҳужум қилишга тайёр бўлишимиз зарур.

Қирол:

- Мени сиёсий чора-тадбирлар қизиқтиряпти.

Ташқи ишлар вазири:

- Биз ўйлаяпмиз жанобим.

Қирол:

- Ўйлаяпсиз?..

Ҳамма баробар:

- Ўйлаяпмиз, ўйлаяпмиз. Ўйлаб кўряпмиз...

Ташқи ишлар вазири:

- Хатимизнинг умумий қисми тайёр, жанобим.

Қирол:

- Ўқинг!

Ташқи ишлар вазири:

- Хўп, бўлади, жаноби олийлари! (Ёддан ўқийди). “Тораканси Бош вазири Фосика Жаноби Олийларига. Фалон-пистон воқеалар муносабати билан ўз номимдан ва халқим номидан Торакансининг дўст ва қардош халқига кўрсатган илтифоти учун яна бир бор энг чуқур муҳаббатимни билдираман ҳамда шу сабаб билан...”

Қирол:

- Яхши, аммо қайси сабаб билан? Сабаб топишимиз керак.

Ҳамма бирданига:

- Сабаб, сабаб, сабаб...са-баб-са-баб..

Қирол:

- Маъқул. Ташқи ишлар вазиримиз топсин. Нима сабаб билан хат жўнатамиз? Эҳтимол, Янги йил муносабати билан?

Ташқи ишлар вазири:

- Аллақачон юборганмиз, жанобим. Бош вазирнинг кичик ўғлининг тиши чиққани муносабати билан ҳам, миллий байрами муносабати билан ҳам юборганмиз.. Биз барча ҳолатлардан фойдаланганмиз, жаноби олийлари...

Қирол:

- Аҳ! Бу аблаҳ қачон қўлимга тушаркин... Нимага суиқасдларимиз амалга ошмай қоляпти? Хўп, майли, охирги хатимиз қандай сабабга кўра эди? Бу қанақа Ташқи ишлар вазири?!. Сабаб топинг, тезда топинг, бўлмаса ҳозироқ ишдан бўшатаман...

Ер ишлари вазири:

- Мен топдим...

Қирол:

- Нима?

Ер ишлари вазири:

- Сабаб топдим, жанобим! Вазирлигимиз олган хабарларга кўра Торакансида биринчи бодринг пишибди. Шу сабаб билан Тораканси бош вазири нутқ сўзлабди. Бас, шундай экан, биз бош вазирга табрикнома юборсак бўлади.

Ташқи ишлар вазири:

- Нома юборишимиз мумкин.

Қирол:

- Майли... қани, хатни ўқи-чи...

Ташқи ишлар вазири:

- “Тораканси Бош вазири Фосика жаноби олийларига. Тарихий илдизларимиз бир бўлган дўст ва қардош Торакансида илк бодринг ҳосили етиштирилгани муносабати билан чин қалбдан самимий табригимни йўллаш ҳамда шахсан Сиз Жаноби олийларига ва сизнинг Тораканси халқингизга энг яхши тилакларимни билдиришга рухсат этгайсиз...”

Қирол:

- Хатни юборишимиз биланоқ қўшинларимиз ҳужумни бошласин!

Ҳарбий вазир:

- Ҳа, албатта! Улар биздан олдинроқ ҳужум қилиш хавфи мавжуд, жаноби олийлари!

(Кучли гумбурлаган товуш эшитилади: Ғрр-дрр! Пақ-пуқ-пақ!)

Қирол:

- Бу нимаси энди? Нималар бўляпти? Қанақа гумбурлаган товуш бу?

Ҳарбий вазир:

- Кечикканга ўхшаймиз... Улар биздан олдинроқ ҳужум бошлашди. Улар келяпти. Қуроллардан ўт очинг...

Қирол:

- Хат-чи.

Ташқи ишлар вазири:

- Сизнинг қўшинларингиз ҳужумга ўтиши муносабати билан қаттиқ таъсирланганимни маълум қиламан ва шу боис менинг чуқур мин... миннат... миннатдорлигимни... қаб... қабул қилинг, жаноби олийлари!..

Шукуржон Исломов таржимаси