Сирдарёда 70 ёшли бемор коронавирусдан вафот этди

Сирдарёда 70 ёшли бемор коронавирусдан вафот этди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишча, Сирдарё вилояти Оқолтин туманида яшаган 70 ёшли М.Т. (эркак)да жорий йил 15 июль кунидан тана ҳарорати кўтарилиб турган. 27 июль куни ҳолсизлик, бутун танада оғриқ кузатилганлиги сабабли Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган.

Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган. 

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон Молия вазирининг ўринбосари коронавирусдан вафот этганини тасдиқлади.

Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманида яшаган 55 ёшли Ё.Т. (эркак)да жорий йил 20 июль куни тана ҳарорати кўтарилган ва хусусий тиббиёт муассасаси шифокорларининг тавсияси асосида уй шароитида ва хусусий шифохонада даволанган.

27 июль куни эса ўта оғир ҳолатда Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган. Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилигининг 3-даражаси, ўпка шиши, гипергликемик кома каби асоратлар билан кечган.

Шунингдек, бемор қандли диабет, юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, ўпка шиши, гипергликемик комадан вафот этган.