Смартфон ва планшет экранидаги тирналган юзаларни асл ҳолига қандай келтириш мумкин?

Смартфон ва планшет экранидаги тирналган юзаларни асл ҳолига қандай келтириш мумкин?

Янги харид қилинган смартфон ва планшетлар тозалиги, жило сочиши билан ажралиб туради. Бироқ бир неча ҳафта ўтиб-ўтмай, уларнинг олдинги кўриниши йўқолиб, аста-секин тимдаланган ҳолатга кела бошлайди. Устахонага бормай ёки экранини алмаштирмай бунга барҳам бериш усуллари ҳақида Lifehacker ҳикоя қилади

Энг оддий усул тиш пастасини қўллашдан иборат. Унинг озгина миқдорини пахта, дока ёки тоза юмшоқ матога туширасиз. Айланма ҳаракатлар ёрдамида экраннинг тирналган жойини артасиз, сўнг паста қолдиғини йўқотиш учун намланган мато билан артасиз.

Turtle Wax, 3M Scratch ва Swirl Remover каби автомобиллар учун мўлжалланган воситалар ҳам тирналган юзадан қутулишга ёрдам беради. Бунинг учун мазкур кремларни тоза юмшоқ матога солиб, экранни аста артасиз.

Қанчалик ажабланарли туюлмасин, жилвирли қоғоз ҳам бу борада сизга кўмак бериши мумкин, фақат бу бироз қалтисроқ усул. Шу сабаб телефон экранига ишлов беришдан олдин шунга ўхшаш юзада машқ қилиб олган маъқул. 

Истеъмол содасидан фойдаланиш ҳам тирналган юзани асл ҳолига қайтаришнинг осон усулларидан. Бунинг учун идишда содани икки, сувни бир қисм солиб, кўпик пайдо бўлгунча аралаштирасиз. Ҳосил бўлган аралашмани матога тушириб, экранни тозалашга киришасиз, сўнг бироз намланган мато билан сода қолдиғини артиб ташлайсиз.

Шунингдек, болалар баданига сепиладиган дори (присипка)га сув қўшиш орқали ҳам тирналган юзани асл ҳолатига келтириш учун яроқли паста ҳосил бўлади. Уни қўллашда истеъмол содасига ўхшаш йўл тутса бўлади. Жуда майда яширин ёриқларни йўқотишда ўсимлик мойи ҳам қўл келади: вақт ўтиши билан эскирган экранга туширилган бир томчи мой маълум муддат унга эски жилосини қайтариши мумкин.