Тадбиркорликни тартибга солувчи ҳужжатларни соддалаштириш керак – Korzinka.uz асосчиси

Тадбиркорликни тартибга солувчи ҳужжатларни соддалаштириш керак – Korzinka.uz асосчиси

Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимов “MFaktor” лойиҳаси меҳмони бўлиб, инқирозлар ва тадбиркорлик ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз, дея берилган саволга жавобан Ҳошимов бюрократия масаласини тилга олди.

“Тадбиркорликни тартибга солувчи турли қонун ва қонуности ҳужжатлари бор. Ҳозир мутасадди давлат ташкилотлари уларни иложи борича соддалаштириши керак. Масалан, савдо, сертификатлаштириш қоидалари ва бошқалар. Булар ҳаммаси – бизнес учун транзакцион харажатларни оширадиган нарсалар. Транзакцион харажатларни пасайтириш устида давлат муассасалари, депутатлар, кенгашлар ишласа, жуда ҳам яхши бўларди.

Бу нарса деярли у қадар катта пул талаб қилмайди, лекин ҳақиқатан ҳам давлатга фойдаси ё зарари бўлмаган баъзи расмиятчилик, ҳисоботлар бор. Шу нарсаларга ҳозир барҳам берсак, мақсадга мувофиқ”, – деди Зафар Ҳошимов.

Унинг таъкидича, бизнесни юритиш соҳасидаги кўплаб тизимларни электронлаштириш керак.

“Солиқ ҳисоботини онлайн бериш мумкин. Лекин шундай нарсалар борки, ҳали ҳам қўлда бўлиши керак. Масалан, ҳар куни қоғоз ишончнома, “накладной” бериш керак. Шуларнинг ҳаммасини электронлаштириш ва электронлаштирилган тизимларга ўтказиш зарур.

Масалан, ҳозир долзарб мавзу – онлайн кассалар. Чек беришда ҳам қандайдир хавф бўлиши мумкин. Онлайн кассалар техник жиҳатдан деярли қилинган. Онлайн касса аппаратларига бўладиган талаблар бор. Агар онлайн касса бўладиган бўлса, чекни солиқ серверларига бера оладиган бўлса, унинг [онлайн касса аппаратларига бўладиган талабларнинг] нима кераги бор? Шунга ўхшаган нарсаларни максимал даражада соддалаштирса бўлади”, – деди Ҳошимов.

У Жаҳон савдо ташкилотига киришни тадбиркорлар учун кенг имконият деб ҳисоблайди.

“Фавқулодда ҳолатдан фойдаланиб, Жаҳон савдо ташкилотига тезроқ киришимиз лозим.

Бунинг тартиблари бўйича маълумотим йўқ. Балки шу имкониятдан фойдаланиб, ЖСТга кириб олишимиз осонроқ кечар. Бу ҳам экспортёр, тадбиркорларга бозорни кенгайтириб берарди. Бу нарсалардан максимал фойдаланиб олиш керак”, – дейди у.

Тадбиркорнинг фикрича, сертификатлаштириш тизимида енгилликлар берилиши керак.

“Сертификатлаштириш борасида анчадан бери шикоятларим бор. Қайси маънода? Давлат шу маҳсулотнинг зарарли ёки зарарсизлигини етказиб берса бўлади. Унинг сифатини бозор аниқлайди. Кимнингдир жуда сифатли нарсага пули етмаслиги мумкин. Лекин шу маҳсулот зарарсиз бўлса, бўлди. Маҳсулот зарарли бўлмаса, турли баҳоналар билан уни сертификатламаслик ва шунга ўхшаган нарсаларда енгилликлар бериш керак.

Бундай ўзгаришлар аҳолига ҳам, тадбиркорларга ҳам енгилликлар беради”, – деди Ҳошимов.

Тўлиқ суҳбатни “MFaktor” лойиҳасининг YouTubeʼдаги каналида томоша қилишингиз мумкин.