Теледарслар ўтаётган ўқитувчилар Президент мактабларига жойлаштирилди (фото)

Теледарслар ўтаётган ўқитувчилар Президент мактабларига жойлаштирилди (фото)

Фото: ХТВ матбуот хизмати

Юртимизда мактаб ўқувчилари учун телевизион дарслар тайёрлашнинг узлуксизлигини таъминлаш ҳамда тасвирга олиш жараёнида иштирок этаётган ўқитувчилар ва уларнинг яқинларини коронавирус (COVID-19) инфекциясидан ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, Ҳукумат комиссияси теледарсларни тайёрлашда иштирок этаётган педагоглар ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ходимларининг COVID-19 инфекциясини юқтириб олишларини олдини олиш мақсадида дарсларни тасвирга олиш жараёнини керакли шароит – моддий техника базаси ва ётоқхонаси мавжуд бўлган Тошкент шаҳридаги Президент мактабида ташкил этиш бўйича қарор қабул қилди.

Ўқитувчиларга чемодан ва керакли анжомлар тақдим этилди

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 март куни мамлакатимизда теледарслар намойиш этилиши бошланган. Ушбу теледарслар Халқ таълими вазирлиги ҳамда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ҳамкорлигида тайёрланиб, МТРК студияларида тасвирга олинаётган эди.

Ҳозирги кунга қадар ўқитувчилар ҳамда телерадиокомпания ходимлари уйидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг Медиа марказига қатнаган ҳолда теледарсларни тайёрлаётган эди. Онлайн-мактаб лойиҳасининг барча иштирокчиларини коронавирус (COVID-19) инфекциясидан ҳимоя қилиш мақсадида теледарсларни бир жойда тайёрлаш бўйича қарор қабул қилинди.

Ҳукумат комиссиясининг қарорига кўра, ўқитувчилар ва МТРК ходимлари теледарсларни Тошкент шаҳридаги Президент мактаби биносида тасвирга олишни бошлашди. Ушбу қарор биринчи навбатда лойиҳада иштирок этаётган педагог ва МТРК ходимлари ҳамда уларнинг яқинлари соғлиғини ҳимоя қилишга қаратилган, — деди Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.

Лойиҳанинг барча 158 нафар иштирокчилари коронавирусни аниқлаш бўйича вирусологик текширувдан ўтказилди ва тест натижаларига асосан Президент мактабига жойлаштирилди. Педагог ва телерадиокомпания ходимлари фаолияти учун керакли барча шароитлар яратилди. Жумладан, жалб қилинган ходимларга алоҳида ётоқ анжомлари харид қилинди.

Фото: ХТВ матбуот хизмати

Теледарсларни такомиллаштириш мақсадида жалб этилган мутахассислар эса ўз фаолиятини масофадан давом эттиради. Улар теледарсларни суратга олиш учун материалларни тайёрлашда ва дарсларни эфирга узатишдан аввал кўриб чиқишга кўмак беришади.

Фото: ХТВ матбуот хизмати