Тўрткўлда 13 ёшли фарзандини сотаётган аёл ушланди

Тўрткўлда 13 ёшли фарзандини сотаётган аёл ушланди

Фото: Тергов департаменти матбуот хизмати

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида 13 ёшли фарзандини 15 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл ушланди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 19 май куни 43 ёшли M.P. Беруний тумани ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, унда Тўрткўл туманида яшовчи «Қундуз» исмли аёл ноқонуний равишда ўз фарзандини сотмоқчи бўлиб юрганлигини баён қилган.

Ушбу аризага биноан, шу куни соат 21:00 да Тўрткўл туманида жойлашган намунали уйда ижарада яшаб келаётган Қундуз К., ўзининг иккинчи фарзанди вояга етмаган 13 ёшли Д.О.ни сотаётган вақтида ушланган.

Ҳодиса содир бўлган жойдан кимёвий ишлов берилган 400 АҚШ доллари ҳамда қолган 14.600 АҚШ доллари миқдоридаги пуллар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ўрнатилган тартибда олинган.

Ҳолат юзасидан Тўрткўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Қундуз. К., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди (одам савдоси) банди билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.