Тошкентда яна икки киши коронавирусдан вафот этди

Тошкентда яна икки киши коронавирусдан вафот этди

Тошкентда яна икки онахон коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беради.

Пойтахтлик 60 ёшли М.С. (аёл) жорий йил 10–20 июль кунлари уй шароитида хусусий шифохона шифокорларининг тавсияларига мувофиқ даволанган. 21 июль куни эса Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асоратлари билан кечган. Шунингдек, юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Яна бир бемор Сергели туманида яшаган 67 ёшли Н.Т. (аёл)да жорий йил 10 июль куни “COVID-19” инфекцияси тасдиқланган ва шаҳар 1-сонли клиник шифохонага олиб келинган. Ҳолатидан келиб чиқиб реанимация бўлимига ётқизилган. 

Унга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир респиратор дистресс синдроми, ўткир нафас етишмовчилиги асоратлари билан кечган. 

Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, стенокардия, гипертония, артериал гипертензия каби ҳамроҳ касалликлар билан ҳам оғриган.

Бироқ шифокорлар ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи асосий касаллик ҳисобига кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ҳозирга қадар Ўзбекистонда, расмий статистика бўйича, 23773 кишида коронавирус тасдиқланган, 139 киши COVID-19 ташхиси билан ҳаётдан кўз юмган.