Тошкентда яна икки киши расман коронавирусдан вафот этди

Тошкентда яна икки киши расман коронавирусдан вафот этди

Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи В.Т.да 5 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ётқизилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Унга COVID-19 инфекцияси, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Хасталик сепсис, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, бемор юрак ишемик касаллиги, зўриқиш стенокардияси ҳамроҳ касалликлари билан ҳам оғриган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Шунингдек, Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшаган С.С.да 17 июль куни COVID-19 тасдиқланган ва у ўта оғир аҳволда Вирусология илмий-текшириш институти клиникаси реанимация бўлимига ётқизилган ва сунъий нафас бериш аппаратига ўтказилган.

Унга COVID-19 инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик сепсис, ўткир нафас етишмовчилигининг 4-даражаси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги, полиорган етишмовчилик каби асоратлар билан кечган. Шунингдек, у юрак ишемик касаллиги, стабил зўриқиш стенокардияси, қандли диабетнинг декомпенсация босқичи каби ҳамроҳ хасталиклар билан ҳам оғриган.

Реанимацион муолажаларга қарамасдан, у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.